Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Қайд этиш лозимки, 2018/2019 ўқув йилида илк маротаба олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари очиқ майдонли биноларда ўтказилди.
Имтиҳонларни ошкора ва шаффоф тарзда ўтказиш мақсадида абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари ёрдамида текширилди, тест синовлари кузатув камералари ёрдамида назорат қилинди. Ушбу жараёнлар абитуриентларнинг ота-оналари учун бевосита катта мониторларда, Интернет тармоғи ва телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
Шу билан бирга, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, ёшларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини рағбатлантириш мақсадида абитуриентларнинг бир нечта бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратиш лозим.
Мамлакатимизни янада ривожлантириш учун олдимизда турган устувор вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир ёшларни тарбиялаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқини бериш;
2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказиш;
2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш;
тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундириш;
абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижасини тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади;
2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
3. Давлат тест маркази ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда);
Давлат тест маркази томонидан шартнома бўйича жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;
абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун ундирилган тўловлар;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
4. Белгилансинки, Жамғарманинг маблағлари фоиздаги улуши чегараланмаган ҳолда қуйидаги мақсадларга сарфланади:
Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
Давлат тест маркази ходимларини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировка ўташ;
Давлат тест марказининг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимларга 30 фоиз, фан доктори ёки фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига ёхуд хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига эга ходимларга ойлик иш ҳақининг 35 фоизи миқдорида устамалар тўлаб бериш;
Давлат тест маркази ходимларига лавозим маошининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устамалар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни амалга ошириш;
фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий экспертлар ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Давлат тест марказига ишлаш учун жалб этиш;
тест синовлари жараёнига жалб этилган иштирокчиларга (бино раҳбари ва гуруҳ назоратчилари) иш ҳақи тўлаш;
тест синовлари ўтказиладиган биноларнинг ижара тўловларини амалга ошириш;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган Давлат тест маркази фаолияти билан боғлиқ бошқа чора-тадбирлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича, тест синовлари ўтказиладиган биноларни жиҳозлаш учун олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шахсни идентификациялаш воситалари, видео қайд қилиш қурилмалари, бармоқ изларини текширувчи, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи воситалар, металл детекторлар ҳамда мониторлар) 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Давлат тест марказининг ходимларнинг чекланган сони 186 нафардан иборат бўлган янгиланган тузилмасини тасдиқлаш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорини бир ой муддатда қабул қилсин;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий марказларида Давлат тест марказлари ҳудудий бўлимларини жойлаштириш ва келгусида тест синовларини йил давомида ўтказиш мақсадида енгил конструкцияли материаллардан катта сиғимли бино ва иншоотларни қуриш бўйича бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.
8. Давлат тест маркази манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 14 май