Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5653-сон Фармонига мувофиқ:

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастури 5-иловага мувофиқ;

“Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш, бинолари ва ишлаб чиқариш хоналарини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ko‘ngilko‘zi” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги(кейинги ўринларда – Агентлик) тизими бошқарув ходимларининг чекланган сони 127 нафар, жумладан, марказий аппарати – 81 нафар ва ҳудудий бўлинмаларда – 46 нафар этиб белгилансин. Бунда, уларнинг 101 нафари, шу жумладан, марказий аппаратнинг 55 нафар ва ҳудудий бўлинмаларнинг 46 нафар ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, марказий аппаратнинг 26 нафар ходимлари – Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

3. Агентлик директорига:

зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентлик ва унинг бўлинмалари ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек, идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг низомлари ва тузилмаларини тасдиқлаш;

Агентликка юкланган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар), нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-таълим муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шу жумладан, хорижий мутахассисларни маслаҳатчилар сифатида шартнома асосида жалб этиш;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан ходимларга асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошларига, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, ҳар ойлик иш ҳақи фондининг
300 фоизидан ошмаган миқдорда устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилансинки:

Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарлар, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади;

Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарларига тенглаштирилади;

Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ахборот соҳасида фаолиятни амалга оширувчи барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилот ва идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

5. Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг 7-иловага мувофиқ таркибда PR-марказ функцияларини амалга ошириш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳини тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар Идоралараро ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Агентлик томонидан PR-фаолиятни ташкил этишнинг устувор вазифа ва йўналишларини, концептуал асосларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада самарали идоралараро мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш;

иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестицияга эҳтиёж ва салоҳиятли лойиҳалар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш жараёнларини ва бизнес-форумлар ташкил этишни PR жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун доимий асосда ахборот материалларини тайёрлаш;

мамлакатимиз инвестиция салоҳияти тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш, истиқболли инвестиция таклифлари рўйхатини, хорижий инвесторлар учун зарур тақдимот материалларини тайёрлаш учун маълумотларни шакллантириш бўйича тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

жаҳон ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, мамлакатнинг инвестиция муҳити ва туристик салоҳиятини тарғиб этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш.

6. Белгилансинки:

Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;

Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари тегишли равишда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Агентлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда у билан келишилиши шарт;

Агентлик давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тайёрланадиган ва кейинчалик телерадиоканалларда, жумладан, нодавлат телерадиоканалларда трансляция қилишга мўлжалланган ижтимоий ролик ва эълонларни тайёрлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради.

7. Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар Агентликка, истисно тариқасида, унинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, умумий ўрта таълим муассасалари учун тегишли ўқув йилида ўқув адабиётини нашр этиш ва нусхасини кўпайтириш учун зарур хомашё ва сарф материалларини харид қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармасининг шу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлари доирасида аванс маблағларини ажратсин.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатдаАгентликка хомашё ва сарф материалларини харид қилиш учун аванс маблағларини ажратиш, уларни харид қилиш ва ноширлик-матбаа корхоналари ўртасида тақсимлаш, шунингдек, умумий ўрта таълим муассасалари учун ўқув адабиётини нашр ва қайта нашр этиш бўйича харажатларни молиялаштиришда ушбу маблағлар ҳисобини юритиш тартибини тасдиқласин.

8. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига идоравий бўйсунувидаги матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўлинмалари)нинг сифатли фаолият юритиши, улар олдига қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, уларни малакали мутахассислар билан тўлдирилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Агентлик билан биргаликда 2019 йилда замонавий ихтисослашган китоб дўконлари, ноширлик-матбаа корхоналарини модернизация қилиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш, янги китоб дўконларини қуриш, шунингдек, дарсликлар ва бошқа босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотларнинг кредит линиялари ҳисобидан маблағларнинг жалб этилишини таъминласин.

12. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар Агентлик тизимидаги объектлар ва мол-мулкни тўлиқ хатловдан ўтказсин ва Агентликнинг идоравий бўйсунувидаги корхоналарини хусусийлаштириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни жорий этиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутадиган Республика ноширлик-матбаа тармоғини ривожлантириш комплекс дастурини тасдиқласин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари талабномаларига кўра миллий китоб ва босма маҳсулотларни сотиш бўйича кўчма китоб павильонларини жойлаштириш учун жамоат жойларида (марказий кўчалар, истироҳат боғлари, бозорлар, темир йўл вокзаллари, метрополитен бекатларига киришда ва бошқа) бўш турган ер майдонларининг беғараз асосда берилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, жумладан, ҳарбий қисмларда идоравий кутубхоналар фаолият юритиши ҳамда уларнинг фонди Агентлик таклифлари асосида ҳар йили янгиланиб борилишини назарда тутадиган ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва қабул қилсин;

босма маҳсулотлар ҳамда даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини олувчи ташкилотлар рўйхатини қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда уларни тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Агентлик таклифлари асосида республика ўрта махсус ва олий таълим муассасалари кутубхоналарини тўлдириш учун бадиий адабиётлар рўйхатини шакллантирсин ва ҳар йили ушбу адабиётларни харид қилиш учун зарур маблағларни ажратсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда Агентликни алоқа, шу жумладан, ҳукумат алоқаси воситалари билан, шунингдек, кенг полосали Интернет тармоғига уланишини таъминласин.

17. Агентлик Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 30-уй манзили бўйича беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

18. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 та, шу жумладан, 4 та шахсий бириктирилган ва 1 та навбатчи хизмат енгил автомобиллари сотиб олиш ва сақлаш учун лимит белгилансин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмунда 30-банд билан тўлдирилсин:

“30. Таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик жамламаларни нашр этиш (қайта нашр этиш) учун мўлжалланган қоғоз ва бошқа сарфлаш материаллари”.

20. Агентлик Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2019 йил 2 февраль

 

ЎзА