Яқин ўн йилликлар давомида жаҳон харитасида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин

Олимларнинг сўзларига қараганда, айрим ороллар сув остида қолади. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг ҳисоботларига кўра, атмосферадаги парник газлари концентрацияси йил сайин юқори даражага кўтарилмоқда.

Бунинг натижасида Антарктида, Арктика ва Гренландия музликлари эрий бошлайди ва жаҳон океанларининг сувлари аста-секин исийди ва уларнинг сатҳи кўтарилади. Турли тахминларга кўра, 2100 йилга бориб денгиз сатҳи ҳозиргидан 0,5-2 метргача кўтарилади. Бу ўз навбатида кўз ўнгимизда бир қатор мамлакатларнинг сув остида қолишини англатади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, биринчилардан бўлиб сувостига Тинч ва Ҳинд океанларидаги орол-давлатлар “шўнғийди”. Бу орол-мамлакатларнинг бутунлай бўлмаса-да, қисман, айниқса сайёҳларга мўлжалланган иншоотлари, инфратузилмалари жойлашган қисми сув остида қолиши айтилмоқда.

stream_img.jpg

Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг ҳисоботида Ер юзидаги глобал сув остида қолиш эҳтимоли бўлган минтақалар ҳақида маълумот берилган. Маълумотда Маршалл ороллари, Кирибати Республикаси, Тувалу, Тонга, Микронезия Федератив Штатлари, шунингдек, Кука, Атигуа, Невис ва сайёҳларнинг севимли маскани бўлмиш Мальдив оролларининг сув остида қолиши таъкидлаб ўтилган.

Таҳлилчилар Мальдив ороллари яна 50 йилдан сўнг бутунлай сув остида қолишини башорат қилмоқда. Бу орол 20 та атолла, 1192 та кичик оролчалардан иборат. Мальдив Республикаси ҳукумати ҳар йили сайёҳликдан тушадиган даромадларни янги ерлар сотиб олишга мўлжалланган махсус жамғармага йўналтиради. “Заҳирадаги ватан” сифатида Ҳиндистон ва Шри-Ланкага тегишли ҳудудлар кўрилмоқда. Чунки бу икки мамлакат халқларининг урф-одати, маданияти ва турмуш тарзи Мальдив аҳолисиникига ўхшаб кетади.

180916140710-cnn-air-lumberton-nc-flooding-full-169.jpg

Кирибати Республикасидаги 33 та атолланинг 32 таси сув остида қолиши аниқ экани айтилади. Экспертларнинг айтишича, 2050 йилга бориб бу ороллар ҳаёт кечириш учун яроқсиз ҳолга келиб қолади. Кирибати расмийлари 2010 йилдан бошлаб ташвишга тушиб қолганини очиқ-ойдин айтар экан, юз мингга яқин аҳоли учун янги ер қидирмоқда. Ҳукумат бир неча йил аввал қўшни Фиджидан ер сотиб олди, айни дамда Австралия ва Янги Зеландия билан мазкур масала юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бироқ мамлакат аҳолиси ўзларининг киндик қони тўкилган ватанларидан бош олиб чиқиб кетишни истамаяпти. Бу каби инсонлар учун “Б” режаси ишлаб чиқилган. Бунга кўра океанда сунъий орол яратиш кўзда тутилган. Япониянинг Shimizu Corporation компанияси янги суньий ер яратиш борасида лойиҳа ишлаб чиқди. Бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 2 миллиард доллар керак бўлади. Бу каби маблағ Кирибатида йўқ. Шу сабабли мамлакат ҳукумати кўмак сўраб жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилди.

Жаҳон океанлари кичик ёки катта давлатларга қараб ўтирмайди. Хавф нафақат орол давлатларга, балки Европадаги гуллаб-яшнаётган мамлакатларга ҳам яқинлашмоқда. Олимлар бу борада Голландияни назарда тутишади. Делфт технологик университети олимлари бундан бир неча йил муқаддам бонг уриб, Нидерландиянинг сув остида қолиши муқаррар эканини айтишган ва аҳолини хавфсиз жойга кўчириш таклифини берган эди. Башоратларга кўра, Копенгаген, Антверпен, Лондон ва Венеция ҳам сув остида қолиш хавфи бўлган шаҳарлар рўйхатига киритилган.

f8430b1124677f9c49e45b2f40200aa5771130e99e6e97a682742035e359cd90.jpg

Италиянинг машҳур Венеция шаҳри 2028 йилга бориб яшаш учун яроқсиз ҳолга келади ва 2100 йилда бутунлай сув остида қолади. Бунга океаннинг қуруқликка “ҳужуми” билан бир қаторда инсонларнинг хўжалик фаолияти ҳам сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда шаҳарда сув тошқинлари одатий ҳолга айланган. Масалан бундан юз йил аввал Сан-Марко майдони бир йилда 9 марта сув тошқини билан тўқнаш келган бўлса, бугун йилига юз марта сув тошқини кузатилмоқда. 1966 йилда юз берган сув тошқинидан кейин Италия ҳукумати ҳушёр тортиб, Венеция муаммоси билан жиддий шуғулланишга қарор қилди. Айни дамда шаҳарнинг тарихий қисми яқин йиллар ичида вайрон бўлиши мумкин, деган хавотирлар айтилади.

Осиёда Бангладеш, Бангкок, Мумбай ва Хитойнинг соҳил минтақалари сув остида қолиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилмоқда. Таиланд пойтахти Бангкокни келажакда нохушликлар кутмоқда. 5 миллион 600 минг аҳоли истиқомат қилувчи бу шаҳар 2050 йилга бориб бутунлай сув остида қолиши мумкин.

rtx3dl7m-800x533.jpg

Африка қурғоқчилик гирдобида қолгани ҳақида кўп гапирилади. Бироқ бу қитьага ҳам сув тошқинлари хавф солмоқда экан. Айниқса, Гамбия пойтахти Банжул сув тошқинлари билан тўқнаш келадиган биринчи шаҳар экани айтилади. Океан сатҳи кўтарилиши хавфи боис ҳукумат ҳозирданоқ соҳил бўйини мустаҳкамлашга киришмоқда. Соҳил ҳудудларини йўқотиш Гамбияга жуда ҳам қимматга тушади. Чунки минтақада шолизорлар, балиқчилик марказлари ва сайёҳлар учун диққатга сазовор жойлар жойлашган. Forbes журнали Банжул шаҳрини 2100 йилги “арвоҳ шаҳарлар” рўйхатига киритди.

Бундан бир неча йил муқаддам Австралия олимлари эълон қилган ҳисоботда Австралия иқлими жаҳоннинг бошқа минтақаларига қараганда тезлик билан ўзгараётгани таъкидланади. Шу сабабли ҳам бу мамлакатнинг сув остида қолиш хавфидан огоҳлантирилмоқда. Йилдан-йилга соҳилга тўлқинлар ҳужуми кўпайиб бормоқда. Сув тошқинлари вайронагарчиликлардан дарак бериши айтилмоқда. Мамлакатнинг 80 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган майдонлар сув остида қолиши эҳтимоли бор.

harvey-flood-insurance.jpg

Америка олимлари бир неча бор мамлакатнинг бир қатор шаҳарлари, жумладан Нью-Йорк, Янги Орлеан ва Лос-Анжелес таҳдид билан тўқнаш келишидан огоҳлантириб келади. Climate Central ташкилоти тадқиқотчиси Бенжамин Страуснинг айтишича. “океан орти мамлакати”даги Флорида, Луизиана, Калифорния, Нью-Жерси, Шимолий Каролина штатларида жойлашган1400 шаҳар хавф остида экан. Олимларнинг айтишича, Лотин Америкасидаги Уругвай ва Парагвай, шунингдек Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес ҳам сув остида қолиши мумкин. Буэнос-Айрес вилоятидаги 30 йилдан бери сув остида қолиб келаётган Лаго-Эпекуэн шаҳрига Янги Атлантида номи берилди. Эслатиб ўтамиз, маҳаллий Эпекуэн кўлига қурилган тўғоннинг 1985 йилда ёғингарчилик туфайли бузилиши натижасида бу шаҳар сув остида қолган эди. Фожиа вақтида шаҳарда 5000 киши истиқомат қиларди. Шаҳар аста-секинлик билан чўккани боис одамлар ўз вақтида хавфсиз жойга чиқиб олишга улгурди.

Жаҳондаги бу каби хавф-хатарларни таҳлил қилар эканмиз, халқимизнинг сув балосидан ўзи асрасин деган гаплари ёдга тушади. Табиатни асраш кераклиги борасидаги насиҳатлар ҳам бежиз айтилмаганига яна бир бор ишонамиз.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА