Жиззахда пуллик автотрасса қурилади(ми?)

Жиззах вилояти ҳокимлигига Италия Республикасининг “Todini Costruzioni Generali” компаниясининг делегацияси ташриф буюрди.
“Todini Costruzioni Generali” компанияси делегациясининг вилоятга ташрифидан кўзланган мақсад Тошкент – Самарқанд автомобиль йўли йўналиши бўлган М-39 трасса ёнидан алоҳида пуллик трасса барпо этиш таклифи беришдан иборат бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Делегация аъзоларини вилоят ҳокимлигининг инвестиция котибиятидан К.Мухиддинов, “Жиззахавтойўл” акциядорлик бирлашмаси раиси Р.Холиқов, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси бошлиғи И.Эргашев кутиб олиб, мулоқот қилишди.
Учрашувда “Todini Costruzioni Generali” компанияси бошқарув раиси Ведад Займович Тошкент – Самарқанд автомобиль йўли йўналиши бўлган М-39 трасса ёнидан алоҳида пуллик хизмат кўрсатувчи трасса барпо этиш бўйича таклифи борлиги ҳамда вилоятнинг йўл инфратузилмаси билан танишиш ниятида эканини айтиб ўтган.
Дарҳақиқат, Республикамиздаги барча йўллар туташуви айнан Жиззах вилоятида ягона йўлга келиб қўшилиши, натижада М-39 трасса қатновидан бир суткада қарийб 37 мингдан ортиқ автомашина қатнови юзага келади.

 

И.Аввалбоев, ЎзА