Чимкент шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми дўстона ва ишчанлик руҳида ўтмоқда.
Унда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбар ходимлари, республика ва ҳудудий ташкилотлар, компаниялар, хусусий ишбилармон доиралар вакилларидан иборат 200 га яқин делегация аъзолари иштирок этмоқда.
Форум доирасида “Чегарадош ҳудудлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликларининг истиқболлари” мавзуида ишбилармонлар йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, 4 та шуъба йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда “Марказий Осиёда Буюк ипак йўлининг йўлаклари. Туризм ривожининг замонавий босқичлари”, “Янги имкониятлар сари якдилликда”, “Саноат, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари” ва “Агросаноат мажмуаси соҳаси ва сувдан фойдаланишнинг муқобил усулларини амалиётга татбиқ этишда ҳамкорликнинг истиқболлари” мавзулари кўриб чиқилди.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси давом этмоқда. Кўргазманинг очилиш маросимида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этди.
Ғайрат Ширинов, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА