Китобларни экспертизадан ўтказилиши таклиф этилмоқда​

Мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган китобларни экспертизадан ўтказиб, кейин чоп этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда айни дақиқаларда пойтахтимизда ўтказилаётган «Ноширлик иши:китобхонларнинг бадиий-услубий савияси, китобхон эҳтиёжини қондириш борасида таклиф ва тавсияларʼʼ мавзусидаги амалий конференцияда Матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари Лазиз Тангриев айтиб ўтди. 
Унинг қайд этишича, кейинги вақтларда агентлик томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, болалар адабиётида нафақат услубий, имловий балки ғоявий хатолар кўпайган.
«Айтайлик, эртакларда «Она болани еди ёки бола онани еб қўйди» каби ҳолатлар бўлган тўпламлар учрамоқда», деди Тангриев.
Тадбирда сўзга чиққан «Sharq» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти Бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов эса нашриёт ходимларини малакасига тўхталиб ўтиб, кейинги йилларда кадрлар масаласи жиддий тус олганини қайд этди.
«Масалан, бизнинг нашриётга ходимларнинг ўртача ёши 56 ёшни ташкил этмоқда. Ёш кадрлар кам. Университетларда махсус бўлимлар орқали таҳсил олишни йўлга қўйиш керак», дейди Аҳрор Аҳмедов.​​​

 

ЎзА