Идора ва ташкилотларда ишлайдиган ходимлар маош оладиган куни яқинлашганда коммунал тўловдан, солиқдан қарзингиз йўқми, деган сўроқ ва саволлар учраётгани сир эмас. Айниқса, маош бериладиган кун шундай хизматлар учун пул ушлаб қолиниши амалиёти ҳам йўқ эмас.
Яқинда Адлия вазирлиги таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларининг ойлик иш ҳақидан турли хизматлар учун пул ушлаб қолиниши билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни фош этган эди. Вазирликнинг навбатдаги ўрганиши давомида кўплаб иш берувчилар ўз ходимларидан солиқдан қарзи йўқ, мазмунидаги маълумотнома талаб қилаётганини аниқлади.
Адлия вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, бундай ҳолатга асосан давлат идораларининг иш берувчилари томонидан йўл қўйилмоқда. Аммо иш берувчининг ходимдан қардорликка оид маълумотмона талаб қилиши мумкинлиги қонунда назарда тутилмаган.
Жойларда ўтказилган мониторинг натижалари тиббиёт, таълим муассасалари иш берувчилари томонидан қонунга зид равишда ходимлардан маълумотнома талаб этаётганини кўрсатган. Хусусан, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 75 ва Бухоро вилоятининг Жондор туманида 65 ҳолатда тиббиёт муассасалари ходимларидан иш берувчилар маълумотномалар талаб қилгани аниқланган.
Бундан ташқари, фуқаролардан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш пайтида ер тузиш ва кадастр органлари томонидан бундай маълумотномаларни талаб этилганлиги ҳолатлари учраган.
Ходимлардан маълумотнома талаб этилаётганлиги ҳолати нафақат уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказишга, балки давлат хизматлари марказларида сунъий навбатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Аслида манфаатдор идора ва ташкилотлар, зарур ҳолларда, солиқ органларидан бу каби маълумотларни сўровнома юборган ҳолда мустақил олишлари мумкин. Солиқ қарздорлиги аниқланган тақдирда иш берувчи фақат қарздорликни ундириш ҳақидаги суд ёки давлат ижрочисининг ҳужжати асосида унинг ойлик маошидан ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.
Ҳозирда Адлия вазирлиги мнфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш берувчилар ўз ходимларидан ҳар хил маълумотномаларни ноқонуний талаб этиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА