Қозоғистон – Ўзбекистон: Ҳамкорлик форуми истиқболли муносабатлар асоси

Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми ўз ишини бошлади.
Ғайрат ШИРИНОВ, 
ЎзА махсус мухбири
Қозоғистон, Чимкент
Мазкур форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.
Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда. Форум икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакилларини бир мақсад йўлида жамлади. Мамлакатларимиз ҳудудларининг экспорт салоҳияти, Ўзбекистондаги янги иқтисодий зоналар истиқболлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари қайта кўриб чиқилди.
Тадбир бир неча шуъба мажлисларида давом этди. Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг якунлари бўйича ўтган сессияда туризмга инвестиция лойиҳаларини жалб этиш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Қозоғистондан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқими жорий йилнинг ўн ойи давомида сал кам 2 миллионга етиб, ўтган йилга нисбатан 500 мингга ортгани ижобий ўзгаришлардан дарак беради.
– Бугунги туризм иқтисодиётнинг янги, ўзига хос бўғини саналади, – дейди “Кazak tourism” миллий компанияси раиси ўринбосари Тимур Дуисенгалиев. – Туризм ҳар бир мамлакатнинг эртанги келажагини белгилаб беради. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида туризм йўналишида 9 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Чегаравий масалаларда ҳам ижобий келишувга эришилди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда туризмни кенг кўламда ривожлантириш учун жиддий ишларга қўл урилмоқда. Туризм соҳасида фаолият юритаётганим учун бу жараённи доимий кузатиб бораман. Ушбу форумда ҳамкорликда лойиҳаларни қайта кўриб чиқиб, тўсиқларсиз туризмни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришамиз.
Тадбир доирасида Қозоғистон – Ўзбекистон бизнес-форуми ишбилармонлар кенгашининг II мажлисида ун ва дон маҳсулотлари етказиб бериш автомобилсозлик йўналишларида ҳам меморандум имзоланди.
– Қозоғистонда Ўзбекистоннинг савдо уйларини ташкил этиш бўйича таклиф тушди, – деди Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов. – Савдо уйлари тадбиркорлар учун яхши имконият яратади. Шунингдек, бу таклиф ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини инобатга олган ҳолда таклифларни қўллаб-қувватладик. Айрим компанияларимиз ўртасида манфаатли битимлар имзоланди. Савдо саноат палатаси томонидан қабул қилинган қарорларни амалга ошириш вазифалари белгилаб олинди. Ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ҳам қарорлар қабул қилинди.
Айни шу йўналишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳам меморандум имзоланди.
– Бугунги форумда инвесторлар билан музакора олиб бориб, “Новопэк” компанияси билан қиймати 8 миллион долларга тенг 2 та лойиҳа келишувига эришдик. Бу лойиҳаларни 2019-2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, икки томонлама савдо уйини очиш бўйича ҳам ўрганишлар олиб бормоқдамиз, – деди Сирдарё вилояти ҳокимининг Инвестиция бўйича ўринбосари Аваз Хўжаев.
Қишлоқ хўжалиги борасидаги ҳамкорлик истиқболини белгиловчи галдаги шўъба мажлиси икки мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига бағишланди. Агросаноат комплексида кооперация ҳамкорлигини ривожлантириш мавзусида ташкил қилинган амалий семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий усуллари, халқаро меъёрлар бўйича якдил тизимни ташкил қилиш истиқболлари, экспорт бўйича транзит йўналишлари, қадоқлаш ва сертификатлаштириш амалиёти масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига дунё бозорида талаб юқори. Ушбу соҳани жадал тараққий эттириш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу каби маҳсулотлар экспортини янада оширишга мустаҳкам замин яратмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда жадал тараққий этмоқда. Бу савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар мустаҳкамланишида, икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилишида ўз ифодасини топмоқда.
Форумда ўзаро савдо-инвестициявий, минтақавий ва ҳудудлараро иқтисодий шерикликни янада ривожлантириш, мамлакатларимизнинг савдо айланмаси ҳажмини ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Коперация, ишлаб чиқариш, саноат, озиқ-овқат, тўқимачилик, туризм, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форумида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов меморандум имзолади.
64.JPG
2.JPG
3.JPG
5.JPG
7.JPG
8.JPG
9.JPG
10.JPG
11.JPG
34.JPG
68.JPG
59.JPG
61.JPG
75.JPG

 

Темур Мамадаминов олган суратлар, ЎзА