Жаҳонда иккинчи, Осиёда биринчи

Яшнобод туман ҳокимлиги ташаббуси билан истеъдодли шахматчи Жавоҳир Синдоров пойтахтимизнинг 152-умумтаълим мактабига таклиф этилди.
 
photo5434124483146394325.jpg
Хабарингиз бор, 12 ёшли ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “First Saturday GM” халқаро турнирида гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С.Корякиндан кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи — энг ёш шахматчи сифатида эътироф этилганди.
Яшнобод туман ҳокимлиги ташаббуси билан истеъдодли шахматчи пойтахтимизнинг 152-умумтаълим мактабига таклиф этилди. Мазкур таълим масканида ҳозирда 2 минг 630 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери билан учрашувда шахматсевар ўқувчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб топди. Мулоқотда Жавоҳир тенгдошларига ўзи қатнашган халқаро турнир таассуротларини айтиб берди.
Тадбир доирасида шахмат бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиби, ёш гроссмейстер Жавоҳир Синдоров мактаб ўқувчилари билан шахмат ўйнади, бу ўйин сирлари билан ўртоқлашди.

 

А.Мусаев, ЎзА