Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ташкил этилган «Ташаббус-2018» республика кўрик-танлови ҳунармандларнинг маҳорати ва истеъдодини, тадбиркорларнинг салоҳиятини, фермерларнинг миришкорлигини яна бир карра халқимизга намойиш этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур кўрик-танлов доирасида қизиқарли учрашувлар, ўқув-семинарлар, маҳорат дарслари бўлиб ўтмоқда. Уларда юртимизнинг солиқ сиёсатига оид янгиликлар, ҳудудларда бўш турган давлат объектлари ва уларни тадбиркорлик субъектларига бериш тартиб-тамойиллари, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари, маҳаллий маҳсулотлар экспортларини кенгайтиришда халқаро стандартлар ва сертификатлаш тизими каби мавзуларга оид маълумотлар кўрик-танлов иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
– «Ташаббус» кўрик-танлови ўзининг амалий руҳи билан кўпчилик учун ғоят фойдали ва унумли бўлди, – дейди Самарқанд вилоятидаги «Ургут саноат сервис» оилавий корхонаси раҳбари Мажитхон Исломов. – Бу ерда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорларнинг фаолияти билан батафсил танишиш, шунингдек, юртдошларимизнинг корхона маҳсулотлари, тадбиркорлар фаолиятига оид фикр ва таклифларини кенгроқ ўрганиш, таҳлил этиш имконияти яратилгани аҳамиятга моликдир. «Ташаббус» кўрик-танлови юртимиз тадбиркорларига кўрсатилаётган катта эътиборнинг амалдаги ёрқин намунасидир.
Н.Усмонова, ЎзА