Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ҳамкорликда кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
Депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил 9 ойлик ижроси ҳисоботи ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳалари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларининг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу маблағнинг асосий қисми таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилди.
Депутатлар Президентимиз ва ҳукумат қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг айрим тадбирларини амалга ошириш учун режалаштирилган маблағнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши таъминланмаганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, иштирокчилар 2019 йилга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси билан танишиб, унда 2019-2021 йилларга белгиланган устувор йўналишларга эътибор қаратди.
Ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши, инвестиция лойиҳалари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш, жойларда қонунлар ижросини таъминлаш борасида бир қатор таклифлар билдирилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА