«Google» компаниясининг мутахассиси Эли Каплан Тошкентга ташриф буюради.
У «Google Developers Group» (GDG)нинг асосий тадбирларидан бири бўлган GDG-DevFest дастурчилар фестивалида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келади. Ушбу фестивал илк бор Ўзбекистонда (Тошкентда) бўлиб ўтиши кутилмоқда. Фестивал шу йилнинг 24 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ташкил этилиши режалаштирилган. Халқ таълими вазирлигининг маълумотларига кўра, тадбир «GDG Tashkent» гуруҳи, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT), Ёшлар иттифоқи, «Google» компанияси, Халқ таълими вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ўтказилиши режалаштирилган.
«GDG-DevFest» фестивали «Google Developers Group» жамоалари томонидан ҳар йил ўтказиладиган глобаль тадбирлардан ҳисобланади. Тадбир доирасида дастурчилар, IT-мутахассислар ва янги технологияларга бефарқ бўлмаган одамлар «Google» компаниясининг сўнги технологиялари ва ишланмалари билан танишадилар. Иштирокчилар блокчейндан фойдаланиш, мобиль иловаларни яратиш, VR/AR технологияларини бизнесга ишлатиш ва бошқа мавзулардаги муҳокамаларда иштирок этадилар.
ЎзА