ЭИЗлар фаолиятини ривожлантириш бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди

“Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар самарадорлигини баҳолаш: ҳуқуқий, инвестицион, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
 
DSC_0412.JPG
Тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар иштирок этди. Унда жорий йил сентябрь – октябрь ойларида юртимиздаги эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.
DSC_0416.JPG
Ҳаракатлар стратегиясида вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, технопарклар самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунга мувофиқ, “Тараққиёт стратегияси” маркази Швейцариянинг “PeaceNexus” халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда ЭИЗлар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият юритиши ва уларга қулай шароитлар яратиш” лойиҳасини амалга оширди.
Лойиҳа доирасида сентябрь – октябрь ойларида қатор эркин иқтисодий зоналар фаолияти, улар орқали ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш имкониятлари ҳамда мавжуд муаммолар ўрганилди.
Жумладан, маҳаллий ва халқаро экспертлар “Навоий” ва “Ангрен” ЭИЗларида бўлиб, улар фаолияти, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишди. Инвесторлар, дирекция вакиллари, маҳаллий тадбиркорларнинг фикрлари, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифлари ўрганилди.
Тадқиқотлар ЭИЗларнинг ҳуқуқий асослари, инвестицион жозибадорлиги, солиқ сиёсати, атроф-муҳитга ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсири, божхона маъмурчилиги каби беш йўналишда олиб борилди.
Давра суҳбатида ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Ушбу натижалар бўйича ишлаб чиқилган таклифлар 2019 йилги Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этишга келишиб олинди.​​

 

ЎзА