​Ҳожиларимиз ўз маҳаллалари аҳолисига моддий ёрдам кўрсатмоқда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж-2018” якунлари ҳамда янги мавсумга тайёргарлик бўйича брифинг ўтказилди.
Тадбирда қўмита масъуллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида изчиллик билан ташкил этилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига оид маълумотлар берилди.
Жорий йил “Ҳаж-2018” мавсуми кўтаринки руҳда, ислоҳотларга бой тарзда якунланди. Мадина шаҳри амири Файсал ибн Салмон томонидан ўзбекистонлик зиёратчилар – энг тартибли ҳожилар, деб эътироф этгани ҳам катта аҳамиятга моликдир. Ўтган вақт давомида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Ҳаж амалларини бажариб келган фуқаролар билан кўплаб учрашувлар ўтказилди. Мулоқотларда ҳожиларнинг амалга оширган хайрли ва савобли ишларининг сарҳисоби тингланди.
– Ҳожиларимиз ўз маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга 1,6 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатиб, жамоат ишларида фаоллик билан барчага ўрнак бўлмоқда, – дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан. – Шунингдек, нотинч оилалардаги муҳитни яхшилаш бўйича маҳаллаларда суҳбатлар ўтказилмоқда. Республика бўйича ташкил этилган мана шундай хайрли тадбирларда ҳожи оналар ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар хотин-қизларимизга турмушда учрайдиган турли муаммоларни бартараф қилиш, оилавий жанжалларга чек қўйиш ва ажралишларнинг олдини олиш бўйича ўз маслаҳатларини бермоқда. Имкон қадар ёшларга тўғри йўл кўрсатмоқда. Бу ишларда ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Айни пайтда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан янги мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА