Эфиопия шимолий-шарқидаги Данакил водийси сайёрамизнинг ҳамон тадқиқ этилмаган жойларидан бири ҳисобланади. Данакил Қизил денгиз соҳилларида жойлашган бўлиб, ер юзидаги энг хавфли минтақалардан бири ҳисобланади.
Олимларнинг сўзларига қараганда, бу паст текисликда яшашга деярли шароит йўқ, аммо шунга қарамай, одамлар истиқомат қилади. Аҳолиси 90 миллион кишидан иборат Эфиопиянинг мазкур минтақасига одам оёғи етмаган, десак янглишмаган бўламиз. Водийда жангарилиги билан донг таратган “афар” элати вакиллари яшайди. Даштда ўзаро рақобатда бўлган иккита қабила вакиллари истиқомат қилади. Кўчманчи Афарлар иккига – асаймар (қизиллар) ва адоймар (оқлар)га бўлинади. Уларнинг ҳар иккиси “Данакилнинг ҳақиқий хўжайинлари биз” дея даъво қилади. Бу ўз навбатида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Данакил – даҳшатли вулқонлар, тузли кўл, заҳарли газга эга бўлган ўлкадир. Мана шу каби жиҳатлар жойга “Ер юзининг энг шафқатсиз жойи” деган ном берилишига сабаб бўлди. Тиним билмас саргузашт изловчи сайёҳлар бу ерга келиш мақсадида ҳар қанча маблағ бўлса-да беришларини айтишади.
Данакил – Эфиопия, Эритрея ва Жибути давлатлари чегараларида жойлашган бўлиб, иқлими ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳамиша иссиқ бўлади. Ҳаво ҳарорати 40-50 даража атрофида. Шу сабабли ҳам Данакилни сайёрамизнинг энг иссиқ ҳудуди дейиш мумкин.
Маҳаллий аҳоли Данакил водийсини жаҳон цивилизациясининг бешиги, дейишади. Айнан шу ерда 1974 йилда палеонтолог олим Дональд Жохансон томонидан 3 миллион 200 минг йил аввал яшаган халқ вакили бўлмиш одам суяклари топилган. Олимлар бу одамни «Люси» деб аташди. «Люси» мансуб бўлган одамлар номаълум сабабларга кўра, 2,5-3,5 миллион йил аввал қирилиб кетгани айтилади. Тадқиқотчилар замонавий одамларнинг аждоди айнан шу «Люси» эканини айтишади.
Невада университетининг Брайан Виллмоар бошчилигидаги археологик экспедиция аъзолари бу ердан илк одамларнинг жағ тишларини топди. Унинг ёши 2,8 миллион йилга тенг экани айтилмоқда. Бу аввал инсоннинг пайдо бўлиши тўғрисида тахмин қилинганидан 400 минг йилга кўпдир.
Данакил – сайёҳларнинг ўз ҳолича якка ўзи саёҳат қилиши мутлақо имкони бўлмаган ер юзидаги саноқли минтақалардан биридир. Бу борада гап сайёҳларнинг хавфсизлиги ҳақида кетмоқда. Минтақада радикал кўз қарашдаги ARDUF (Афар инқилобий демократик бирлашмаси) жангарилари фаолият юритади. ARDUF хориждан маблағ олиб туради ва Афар мухторияти учун курашади. Афарнинг ярми қўшни Эритрея ҳудудлари сифатида кўрилади. Жангарилар мустақиллик йўлида асосан хорижликларни гаровга олади. 2012 йилда Данакил водийсининг Эрта-Але вулқони атрофида европалик беш нафар сайёҳ ўлдирилган эди.
Шуни таъкидлаш керакки, Данакилда жамоат транспорти деярли фаолият юритмайди. Шу сабабли ҳам минтақада қурилган автомобиль йўлининг келажаги қоронғилигича қолмоқда. Данакил паст текислигида аҳоли пунктлари йўқ. Бу ўз навбатида сув, таомхона, меҳмонхона ва ёқилғи қуйиш шохобчаларининг ҳам йўқлигини англатади.
Водийга бориш йўлида тузли Эндели-Рагали кўли бўлиб, унинг ярми Эфиопия, қолган ярми Эритрия ҳудудларида жойлашган. Кўл яқинидаги Даллол аҳоли пункти бор бўлиб, ўтган аср бошларида бу ерда калий қазиб олинарди. Ҳозир қишлоқнинг вайроналаригина қолган, холос. Бу ерда ўлаксахўр қушларни учратиш мумкин. Олимларнинг фикрича, қушлар заҳарли сувни ичишади ва шу сабабли ҳам абадий шу ерда қолиб кетишади.
Данакил – ер юзидаги энг сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади. Сўнгги бор бу ерда 2011 йилда Набро вулқони отилган эди. Эрта-Але вулқони яқинига бориш анча мураккаб, бунинг учун бир кун сарфланади. Эрта-Але яқинига бориб, кратерни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Мана шу вулқонни кўриш учун ҳам сайёҳлар юзлаб километр йўлни босиб ўтади. Данакил Африканинг энг баланд тоғида жойлашган. Эфиопиядаги бу паст текислик европалик сайёҳлар томонидан XX асрнинг биринчи ярмида тасодиф туфайли кашф қилинган. Ортга қайтишда албатта Мекеле шаҳрига кириб ўтишга тўғри келади.
Бир сўз билан айтганда Данакил водийси сайёрамизнинг ноёб жойларидан б
ири ҳисобланади. Агар бу ерга қадам босгудек бўлсангиз, ўзингизни бошқа сайёрага тушгандек ҳис қиласиз. Бу жойнинг табиати ерники деб эмас, Марсники деб аташ тўғрироқ бўлади. Бу ерга сайёҳлар Марсни тасаввур қилиш учунгина келишади. Данакилни саргузашт изловчилар минтақаси десак янглишмаган бўламиз. Volcano Discovery сайёҳлик компаниясининг асосчиси ва раҳбари германиялик вулқоншунос Том Пфайфер таъкидлаганидек, “одамлар ер юзининг энг жумбоқли минтақасига келишга қарор қилибдиларми, уларни энг бахтли инсонлар, деб аташ мумкин”.