Мамлакатимизда ҳунармандлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Уларга турли имтиёзлар берилиши миллий ҳунармандликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётир.

IMG_6160.jpgДавлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек АБДУЛЛАЕВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига мазкур қарор асосида ўтказилиши режалаштирилган фестиваль ҳақида гапириб берди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг ўттиздан ортиқ йўналишида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юртимиз ва хорижий давлатларда ўтказилаётган халқаро кўргазмаларда муваффақият қозонаётгани сир эмас.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори миллий ҳунармандчилик турларини, халқ бадиий-амалий санъатини ривожлантириш, қўли гул ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва меҳнати маҳсулларини кенг тарғиб этишда долзарб аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Фарғона водийси – уста ҳунармандлар юрти. Шу жиҳатдан ҳам мазкур фестивалнинг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас.

Фарғона вилоятида ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича қарийб 4 минг нафар ҳунарманд фаолият олиб бораётир. Улар орасида ўз мактабига эга, мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказиладиган кўргазма ва фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор. Вилоятнинг Риштон туманида кулолчилик, Марғилон шаҳрида ипак матолар ишлаб чиқариш, Қўқонда кандакорлик, пичоқчилик йўналиши кенг ривож­ланган.

Қўқон шаҳридаги марказий майдон атрофида ташкил этиладиган фестивалда турли кўргазмалар, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари намойиши, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар кўриги, китоблар, альбомлар, фотосуратлар сотуви уюштирилиши, шубҳасиз, тадбир қатнашчилари учун амалий тарғибот воситаси бўлиб хизмат қилади. Фестиваль ёш авлодда ота-боболари ҳунаридан фахрланиш, улар ишини давом эттиришга рағбат туйғусини уйғотади, деган умиддамиз. Тадбир доирасида миллий либослар кўргазмаси ўтказилиши, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг чиқишлари байрам шукуҳини янада оширади.

Қарорга кўра, мазкур фестиваль туризм календарь-режасига киритилиб, хорижий сайёҳлар анжуманга жалб этилади. Бу, ўз навбатида, юртимиз туризм салоҳиятининг янада ошишига, сайёҳлар ташрифининг кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, ушбу халқаро тадбир авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик соҳасида таж­риба алмашиш, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар йўлидаги қутлуғ қадам бўлади.

Анжуманнинг сентябрь ойида ўтказилиши иқлимий ва иқтисодий жиҳатдан қулай вақтга тўғри келади. Жумладан, бу ойда хорижлик меҳмон ва сайёҳлар ташрифи кўпайиб, водийда мева-сабзавотлар ғарқ пишган, об-ҳаво эса мўътадил бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур фестиваль мамлакатимизнинг тарихий ва маданий шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби Қўқонда ҳам ҳунармандчиликнинг ноёб турлари сақланиб қолинишига, усталар меҳнати халқаро миқёсда яна ҳам эътироф этилишига замин яратади.

 

Даврон Суннатов, ЎзА