Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиевнинг билдиришича, суд-тиббий экспертиза натижаларига кўра, 2018 йил 31 октябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи фуқаро А.Акбаров хонадонида қайд этилган фожиали ҳолатга таом эмас, балки ис газидан ўткир заҳарланиш сабаб бўлган.
Аввал хабар қилинганидек, мазкур хонадон эгаси Алишер Акбаровнинг 42 ёшли аёли Умида Ҳаитова 2018 йил 30 октябрь 23:30 ларда болалар, уйнинг иккинчи қаватидаги хонага чиқиб, ухлашган. Уларда ҳеч қандай касаллик белгилари кузатилмаган. У.Хаитованинг тахминан соат 23:30 ларда боши қаттиқ оғриган, кўнгли айниб, ва кўп марта қайт қилган. Хонадон эгаси А.Акбаров бу вақтда уйда бўлмаган, тахминан соат 24:00да уйга қайтган. Турмуш ўртоғининг соғлиғи ёмонлашганлиги тўғрисида тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилишмаган. Эр-хотин бинонинг биринчи қаватида ухлашган.
2018 йил 31 октябрь тонг соат 4 ларда У.Хаитова иккинчи қаватдаги фарзандлари ухлаётган хонани очиб кўрганда болаларининг оғзидан кўпик қусуқлари чиқиб, беҳуш ҳолда ётганлигини кўриб, тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган. Соат 04:30 да тез тиббий ёрдам мутахассислари келиб, улар томонидан У.Хаитованинг қизлари Азиза Акбарова (1996 йил), Эъзоза Акбарова (2001 йил), Ирода Акбарова (2003 йил) ва ўғли Фаррух Акбаров (2012 йил)да биологик ўлим ҳолати қайд этилган.
Айни пайтда ис газидан енгил даражада ўткир заҳарланган У.Хаитова Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, аҳволи қониқарли.
Маълумот учун, ушбу хонадон эгалари “Дилхуш“ кўчаси 37-уйдаги янги қурилган 3 қаватли бинога яқинда кўчиб ўтишган. Уй ер тўлада ўрнатилган, табиий газда ишлайдиган иситиш қозони орқали иситилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати
ЎзА