Европа парламентининг Ивета Григуле-Петерсе бошчилигидаги Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқа бўйича делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.
Делегация аъзолари 31 октябръ куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети раҳбарияти ва талабалар билан учрашди.
Меҳмонлар дастлаб саноатнинг юқори тармоқлари бўлган автомобилсозлик, қурилиш архитектураси ва ахборот технологиялари, авиакосмик муҳандислиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш жараёни, таълим сифати, талабалар учун яратилган имкониятлар билан танишди.
Европа парламенти вакилларига мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, соҳага илғор ёндашув ва умумэътироф этилган меъёрларни жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўз навбатида, делегатлар сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистонда барча жабҳада бўлгани каби ижтимоий соҳада рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар ижобий натижаларини бераётганини қайд этди. Ёшларни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш йўлида яратилган шароитларни юқори баҳолади.
– Турин политехника университети мисолида Ўзбекистонда фан-таълим тизимида кечаётган жадал ривожланиш жараёнига гувоҳ бўлдик, – деди Европа парламенти аъзоси Йоахим Целлер (Германия). – Профессор-ўқитувчиларнинг Италия, Германия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда малака ошириб қайтаётгани иқтисодиётнинг реал секторлари учун малакали кадрлар тайёрлашда халқаро тажрибани ўзлаштириш имконини беради.
Шу куни Европа парламенти аъзолари Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, бу ердаги тарихий-маънавий обидалар билан танишди. Юртимизда маданий меросни асраб-авайлаш, уни тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Дилобар Маматова, ЎзА