Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ички ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг касбий тайёргарлик факультети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинган эди.
Унга кўра, ушбу факультетга ички ишлар органларида фаолият кўрсатиш учун офицерлар ва сержантлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш йўналишида олий, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган шахслар ҳамда ҳарбий хизматчилар танлов асосида қабул қилиниши белгиланган.
Факультетнинг асосий фаолият йўналишлари ички ишлар органларининг сержант ва офицерлар таркиби ходимларини махсус касбий тайёрлаш, шунингдек, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдир.
ИИВ академиясида касбий тайёргарлик факультетига қабул қилинган 566 тингловчининг хизмат қасамёдини қабул қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси раҳбарияти, ўқитувчи-мураббийлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда ИИВ академияси бошлиғи Б.Матлюбов ва бошқалар мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар соҳани малакали мутахассислар билан таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бугун ички ишлар тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходим – сафдор, сержант, офицер, энг аввало, ватанпарвар, маънан етук, жисмонан соғлом, руҳан тетик ва жанговар тайёр ҳамда соҳанинг етук мутахассиси бўлиши шартлиги қайд этилди.
Эндиликда ярим йиллик махсус касбий тайёрлаш курси бўйича таълим-тарбия дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ва аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга “лейтенант” ҳамда “сержант” махсус унвони ва дипломлари берилади. Улар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш, қонунга итоаткорлик ва ҳурмат билан қараш кўникмаларини мукаммал эгаллаб, профессионал ички ишлар органлари ходимлари сифатида фаолият бошлайди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА