Мукофотланганлар қаторида ЎзА вакили ҳам бор

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг июль ойида пойтахтимизда Марказий Осиё футбол ассоциациясига (CAFA) аъзо мамлакатларнинг 15 ва 16 ёшлилар терма жамоалари ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтганди.

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида мазкур мусобақани Оммавий ахборот воситаларида фаол ёритган бир гуруҳ журналистларни тақдирлаш маросими ташкиллаштирилди.
Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов нуфузли спорт тадбирини ёритишда фаоллик кўрсатган ОАВ ходимларини ташкилот номидан ташаккурнома ва совғалар топширар экан, уларга миннатдорлик билдирди, келгуси мусобақаларда ҳам журналистлардан ана шундай фаоллик кутиб қолишини таъкидлаб ўтди.
Аҳамиятли жиҳати, тақдирланганлар орасида Агентлигимизнинг фотомухбири Алимурод Мамадаминов ҳам бор.

Тажрибали фотомухбиримиз ҳақида гап кетар экан, уч кундирки Тошкент фотосуратлар уйида унинг “Тезроқ, баландроқ, кучлироқ” номли шахсий фотокўргазмаси бўлиб ўтганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
1996 йилдан бугунга қадар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фотомухбир вазифасида ишлаб келаётган ва Муҳаммад Амин тахаллуси остида ижод қилаётган сураткашимиз юртимиз фотоижодкорларининг турли кўргазма ва кўрик танловларида фаол иштирок этиб, 2008 йили “ Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритган, 2012 йили Ўзбекистон ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Йилнинг энг фаол фотомухбири” дея эътироф этилган.

Муҳаммад Амин тинимсиз меҳнат қилиб, турли мавзуларда муваффақиятли, бадиий фотолар муаллифи бўлди. Ижодкорнинг, айниқса, спорт соҳасидаги такрорланмас жараёнлар акс этган суратлари томошабинда ўзгача тасаввур уйғотади.

ЎзА