Ўзбекистонлик ёшлар Хитойнинг Жиаотонг университетида ўқиши мумкин

Шарқий Хитойнинг Жиаотонг университети проректори Фан Ёнг раҳбарлигидаги делегация ўзаро манфаатларни ифодаловчи тадқиқот, таълим ва маданият алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мақсадида Тошкент темир йўл муҳандислари институтига келди.

Делегация замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, илмий лабораториялар, институт музейи, талабалар турар жойлари билан танишди.

Шунингдек, делегация таркибидаги малакали профессор-ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

Икки таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

— Таълим даргоҳларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб йўналишларни қамраб олади, — дейди Жиаотонг университети проректори, профессор Фан Ёнг. — Ушбу меморандум талаба ва ўқитувчиларнинг малакасини оширишга қаратилган бўлиб, келгусида ушбу йўналишни янада ривожлантирамиз. Ҳар йили ўртача 60 нафар талабани алмашлаб ўқитишни ҳам режалаштирганмиз.

Таъкидлаш керак, меморандумга асосан ҳамкорлик ўзаро манфаатли соҳаларда ўқитиш ва тадқиқотлар билан боғлиқ ахборот алмашишда ҳамкорлик қилиш, талабалар ва аспирантлар ўртасида мулоқотни фаол ривожлантириш, курслар, алмашувлар ва бошқа дастурларни тайёрлашда иштирок этиш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитувчиларни мулоқот, ҳамкорлик орқали ўқитиш ва ўқитиш даражасини ошириш учун ўқитувчилар ўртасида ахборот алмашинувини амалга ошириш, халқаро академик конференцияларда ва семинарларда иштирок этиш каби йўналишларда амалга оширилади.

— Жиаотонг университетида тайёрланаётган 60 таълим йўналишининг аксарияти темир йўл тизимига йўналтирилгани бизни айниқса, қизиқтирди, — дейди Тошкент темир йўл муҳандислари институти ректори Маъруфжон Расулов. — Шу сабабли келгусида профессор ўқитувчилар ва талабаларнинг алмашинувини йўлга қўямиз. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз натижасини яқин йилларда кўрамиз.

Меморандум имзолаш маросимидан сўнг меҳмонлар талабалар шаҳарчасида ўтказилаётган «Меҳржон» байрамида ҳам иштирок этди.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА