Халқимизнинг розилиги йўлида қабул қилинган тарихий ҳужжат

62

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида»ги фармони халқимизнинг розилиги йўлида қабул қилинган тарихий ҳужжат бўлди.

Фармон «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон халқига ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган ислоҳотларнинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унинг халқчиллиги шундаки, унда ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, Янги Ўзбекистон қиёфасини яратиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбни ривожлантириш, меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик муҳитни таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ривожланиш дастурлари, режалар, уни амалга ошириш чоралари кўрсатиб ўтилган.

Фармоннинг асосий мақсади маҳаллаларни ривожлантириш, маҳалладаги ҳар бир инсон розилигини таъминлашга қаратилган. Яъни, фуқароларнинг ер-мулк солиғидан ундирилган маблағнинг 15 фоизи маҳаллалардаги санитария ҳолатини яхшилашга, ноқонуний қурилиш бўйича ундирилган жариманинг 10 фоизи маҳалладаги ички йўлларни, пиёдалар йўлагини, тунги ёритгичларни ўрнатиш, маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш учун сарфланиши қайд этилган.

Бу фуқароларнинг эҳтиёжини ҳал этишга имкониятлар ошганлигидан далолат беради. Маҳаллада 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ташкил этиш орқали 100 минг иш ўрни яратиш, камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга 20 трлн. сўмлик маблағ ажратилиб, «Янги Ўзбекистон» қиёфасини яратиш – барчаси шундан.

Маҳалладаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкор ҳал этишда давлат идораларининг масъулиятини кучайтириш юклатилган. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда «рақамли маҳалла» платформасига киритиш амалиёти жорий этилиб, сунъий интеллект орқали тегишли идораларга юборилиб, Вазирлар Маҳкамаси орқали назорат қилиб бориш механизми жорий этилади. Бу ҳам фуқаролар муаммоларининг ечимини топишга яна бир имконият.

Фатима Палванова,

Чимбой тумани Бердақ МФЙ бошлиғи, Жўқорғи Кенгес депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги