Янги заводнинг тамал тоши қўйилди

55

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижасида бугун Нукус туманида янгидан қурилиши арафасида турган яна бир йирик заводнинг тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди.

Тадбирда экология соҳаси фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, йиғилганларни кундалик маиший чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишида муҳим ўрин тутадиган янги завод қурилишининг пойдевори қўйилиши муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, хитойлик инвесторлар томонидан чиқиндини ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган, чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишида муҳим лойиҳалардан бири бўлган ушбу заводни 80 млн. доллар маблағлар ҳисобидан ишга тушириш орқали йилига 274 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндилар қайта ишланади. Бундан ташқари, 80 минг Мегаватт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шунингдек, шундай тадбирлар олиб борилиши натижасида республикамизда илк бор чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш ва уларни утилизация қилиш йўналишида махсус экосаноат зонаси ташкил этилади.

Албатта, экологик муҳитни яхшилаш, маиший чиқиндилар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш борасидаги бундай лойиҳалар халқимиз фаровонлиги йўлида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги