Таълим сифати ва инвестиция – келажак учун мустаҳкам пойдевор
Таълим сифати мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва ижтимоий тараққиётида энг асосий омиллардан биридир. Сифатли таълим нафақат шахснинг билим ва кўникмаларини оширади, балки мамлакатнинг иқтисодий, илмий ва маданий салоҳиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, таълим муассасаларида замонавий педагогик технологиялар, илмий-амалий тадқиқотлар ва халқаро стандартларга мувофиқлик таълим сифати даражасини белгилайди ва ёш авлодни муваффақиятли келажакка тайёрлайди.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистонликлар таълим хизматлари учун ўтган 2025 йилда 39 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 10,4 фоизга ошган.
Мазкур сарф-харажат ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
Қорақалпоғистон Республикаси – 1,2 трлн. сўм
Андижон вилояти – 1,9 трлн. сўм
Бухоро вилояти – 1,9 трлн. сўм
Жиззах вилояти – 604,2 млрд. сўм
Қашқадарё вилояти – 1,7 трлн. сўм
Навоий вилояти – 501,4 млрд. сўм
Наманган вилояти – 2,4 трлн. сўм
Самарқанд вилояти – 3,1 трлн. сўм
Сурхондарё вилояти – 1,3 трлн. сўм
Сирдарё вилояти – 390,3 млрд сўм
Тошкент вилояти – 2,2 трлн. сўм
Фарғона вилояти – 2,4 трлн. сўм
Хоразм вилояти – 1,3 трлн. сўм
Тошкент шаҳри – 18,8 трлн. сўм
Ўзбекистонда таълимга йўналтирилган инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётгани мамлакат раҳбарининг ёшлар ва илм-фан салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган устувор сиёсатидан далолатдир. Бу маблағлар нафақат таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, балки замонавий педагогик технологиялар, илмий тадқиқотлар ва халқаро стандартларга мувофиқ таълимни таъминлашга хизмат қилади. Шу тариқа, ҳар бир сарфланган маблағ ёш авлодни муваффақиятли ва барқарор келажакка тайёрлаш, мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши учун муҳим омилга айланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА