Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати Раиси Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги делегация 25 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига келди.
Меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов, Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев кутиб олди.
Қозоғистон парламенти вакиллари Самарқанд билан танишувни Ҳазрати Хизр мажмуаси зиёратидан бошлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.
Меҳмонларга мазкур мажмуанинг бунёд этилиши ва бу ерда қисқа фурсатда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.
Қозоғистон делегацияси аъзолари Имом Бухорий зиёратгоҳида бўлиб, юртимизда буюк аждодларимиз маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, муқаддас ислом динининг маърифий ғояларини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Бибихоним масжиди ва Сиёб деҳқон бозорига ташриф ҳам Қозоғистон парламенти Сенати аъзоларида катта таассурот қолдирди.