Ҳаётимизни газ, электр энергияси ва сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Лекин хонадонимиздаги газ плитасидан чиқаётган “зангори олов” ёки уйимизни, кўчаларимизни ёритаётган электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш давлатга қанчага тушиши ҳақида ҳамиша ҳам ўйлайвермаймиз.

Буни мамлакатимизда гўё туганмасдек туюладиган табиий газ захираси мисолида таҳлил қилсак.

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти юртимизнинг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлабгина қолмай, бу ёқилғи умумий ҳажмининг 20 фоизини хорижга ҳам экспорт қилмоқда. Бир қарашда, ҳаммаси кўнгилдагидек.

Лекин, охирги 10 йилда мамлакатимиз саноати ва аҳолисининг табиий газга бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг имкониятлари ҳам чегараланмаган, чунки сўнгги 35-40 йил ичида Кўкдумалоқ, Газли, Шўртан, Денгизкўл каби асосий газ конларидаги табиий захиралар камаймоқда. Эски конларда газ қазиб олишни бир маромда ушлаб туриш ва янгиларини ишга тушириш мураккаб ва кўп харажат талаб этади. Газ конларини барпо этишнинг дастлабки босқичида газнинг пласт босими 400-500 атмосферани ташкил этган эди. Ҳозирги кунда мавжуд конларда бу кўрсаткич ўртача 25-40 атмосферага қадар камайган. Табиий газни газ транспорт тизимига тайёрлаб, етказиб бериш учун эса камида 75 атмосфералик босим керак бўлади.

Босимни табиий газ етказиш учун зарур даражада ушлаб туриш мақсадида 2000-2017 йилларда конларда 66 агрегатдан иборат 16 сиқиш компрессор станциялари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳам, табиийки, анча маблағ сарфлашни талаб этди.

Охирги 10 йилда мамлакатимизда нефть ишлаб чиқаришнинг қарийб 4 баравар камайгани оқибатида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти шунча ортди. Натижада “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилишга валюта харажатлари ҳам анча ўсди.

Таъкидлаш жоизки, ички бозорда нефть маҳсулотларига бўлган чакана нархлар динамикаси жаҳондаги кўрсаткичлардан орқада қолмоқда. Масалан, 1 литр А-91 бензинининг ўртача нархи Россияда 0,64, Қозоғистонда 0,44, Қирғизистонда 0,63, Туркияда 1,04, Хитойда 1,09 АҚШ долларини ташкил этган бир пайтда Ўзбекистонда ўртача 0,53 АҚШ долларида сотилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат – табиий газ ва электр энергиясининг, тегишли равишда ушбу энергия ресурсларининг нархлари ўзаро боғлиқ. 2017 йилда мамлакатимизда 61 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, шундан 48,8 миллиарди табиий газ асосида ишлаб чиқарилган электр энергиясидир. Бунга 15,2 миллиард куб метр газ, яъни қазиб олинган газ умумий ҳажмининг 24 фоизи сарфланган.

Шу тариқа, табиий газ нархининг ошиши билан электр энергияси нархи ҳам ошади. Бу эса иқтисодиётда инфляция кўрсаткичларига таъсир қилмасдан қолмайди.

Мавжуд иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказларининг аксарияти ўтган асрда барпо этилган бўлиб, улар ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган. Улардан ортиқча фойдаланиш тармоқда икки баравар кўп ёқилғи сарфланишига олиб келади. “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти қувватларининг 80 фоизи эскиргани боис, замонавий технологияларни жорий этиш орқали уларни модернизация қилиш зарур. Бу электр энергияси ишлаб чиқаришни 1,5 баравар оширишга хизмат қилади.

Энергия ресурслари тарифларига тўхталадиган бўлсак, аҳоли учун газ ва электр энергияси нархи ошганини эшитиб, ҳайратланамизми? Албатта, йўқ. Нархларнинг ошганидан норози бўламизми? Ҳа. Нархлар ошиши сабабларини эса тушунишга, англашга уринамизми? Келинг, ўзимизни алдамайлик – йўқ, уринмаймиз.

“Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари тизимидаги компаниялар деярли давлатга қарашли, яъни улардаги давлат улуши 98 фоиз экани ҳам, аслида бизнинг бахтимиз. Улар аҳоли ва иқтисодиёт учун табиий ресурсларни ишлаб чиқариш билан бирга давлатга солиқ тўлаши, янги лойиҳаларга сармоя киритиши, қўшимча иш ўринлари яратиши керак, шундай қилмоқда ҳам.

Биз келажакда фарзандларимиз, набираларимиз газ ва электр энергияси истеъмолига икки-уч баравар кўп ҳақ тўламаслиги учун уларнинг ҳақини вақтида тўлашимиз лозим. Ўзимиздан кейинги авлодлар ҳақида қайғуришимиз керак. Бунинг учун ҳар биримиз табиий ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишимиз зарур. Эҳтимол, бунинг учун тарифларни хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш тизимини, ижтимоий истеъмол меъёрининг қатъий белгиланган миқдорини қайта кўриб чиқиш керакдир.

 

ЎзА