Автомобиль йўлларининг атрофи кўкаламзорлаштирилмоқда

20

Бугунги кунда мамлакатимизда кенг кўламда давом эттирилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Халқаро аҳамиятга эга А-380 автомобиль йўли бўйини кўкаламзорлаштириш мақсадида саксовул, манзарали дарахтлар, шўр ва қурғоқчиликка чидамли экинлар уруғларини экиш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар Оролбўйи минтақасида чўлланишга қарши курашиш, шамол эрозиясини камайтириш, тупроқни мустаҳкамлаш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган бўлиб, Оролбўйи инновация маркази, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан биргаликда илмий ёндашган ҳолда амалга оширилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик вазиятни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йиллар давомида Орол денгизининг қуриган майдонларида «Яшил қопламалар» яратиш мақсадида қарийб 2 миллион гектар майдонга саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди.

Бундай эзгу ишлар бугунги кунда ҳам қизғин давом эттирилиб, денгизнинг қуриган майдонларида ҳамда автомобиль йўллари бўйларининг қумли ва чўл ҳудудларида чўлга чидамли ўсимликларни экиш ишлари олиб борилмоқда.

                                                             Қорақалпоғистон ахборот агентлиги