Элчи: Кувайт ва Ўзбекистон умумий туризми жадал ривожланмоқда

29

“Al-raimedia”, «Al-anba», «Al-jarida» каби қатор нашрларда Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Аюбхон Юнусов билан интервью эълон қилинди.

Материалда Кувайт ва Ўзбекистон туризм муносабатлари сезиларли даражада ўсаётгани, жорий йил июнь ойидан бошлаб кувайтликларга бир ой давомида юртимизга визасиз кириш ҳуқуқи берилгани, бу чоралар икки мамлакат ўртасида ўзаро саёҳатни осонлаштириш ва туризмни ривожлантиришга ёрдам бериши ҳақида сўз борган.

Элчихона томонидан ташкил этилган сайёҳлик тадбирда республикамизнинг “Asia Lux” компанияси директори Темур Хўжаев ва “Jazeera Airways” тижорат директори Гунша Акша, шунингдек тахминан 40 дан зиёд сайёҳлик агентлиги ва компанияси вакиллари, қатор маҳаллий блогерлар иштирок этди.

Элчи Юнусов иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, диёримиз тарихий жойлар, сўлим табиат, диққатга сазовор обидалар, ўзига хос маданий мерос масканларига бойлигини таъкидлади. Асрлар давомида Буюк Ипак йўли марказида жойлашган заминимиз халқаро ҳамжамият, тадқиқотчилар, саёҳатчи ва дипломатларни тобора ўзига кўпроқ жалб этаётганига эътибор қаратди.

Гунша Акша ўз навбатида “Jazeera Airways” ушбу тадбирни “Asia Lux” билан ҳамкорликда ўтказаётгани, компания қиш мавсумида Наманган ва Самарқандга мунтазам қатновдан ташқари ҳафтасига қўшимча 3-4 рейс амалга ошираётганини айтди.

Ушбу авиакомпания 2021 йил Тошкентга, 2019 йил Фарғонага ҳаво йўли очганига тўхталиб, рейсларда бандлик даражаси тахминан 80 фоизга етганини қайд этди.

Ўзбекистон туризм делегацияси раҳбари йил сайин йўналишларга талаб ортаётганини таъкидларкан, “Ўзбекистонга хуш келибсиз… Маданиятимиз, тарихимиз ва ошхонамиздан баҳраманд бўлинг! деди.

Унинг таъкидлашича, ўтган йил Ўзбекистонга 10 миллион хорижлик келган, йил бошидан бери бу рақам 15 миллионга етган ва ҳар ой қўшимча бир миллиондан кўп сайёҳ рўйхатдан ўтган.

Тадбир якунида “Jazeera Airways” иштирокчиларга Ўзбекистонга ташриф буюриш учун тарғибот таклифи сифатида Тошкентга икки чипта тақдим этди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА