Қирғиз-Қорақалпоқ адабий алоқаси: синовдан ўтган адабий тажриба мактаби

Қирғиз-қорақалпоқ адабий алоқалари ўтган асрдан бошлаб бугунги кунга қадар давом этиб келаётганини адабий ва илмий фактлар исботлайди. Қирғиз-қорақалпоқ мақол-маталларининг маъноси бир хил бўлиб, улар кундалик ҳаётда кенг қўлланилса, бу икки халқ оғзаки ижоди бир-бирига жуда яқин. Масалан, «Халқ айтса, қолиб айтмайди», «Эр эли билан, ер кони билан» ва ҳ.к. «Манас» эпоси билан «Алпомиш» эпосининг сюжет муштараклиги ҳақида илмий ишлар ёзилмоқда. Қирғизистонлик ёш тадқиқотчи Азиз Биймирза ўғли профессор Қуанишбай Оразимбетов билан менинг илмий раҳбарлигимда докторлик диссертациясини якунлаш арафасида.
Чингиз Айтматов Бердақнинг таваллуд санасига бағишланган анжуманда қатнашиб, сўзга чиқади. Қорақалпоқ классик шоирининг қирғиз тилида нашр этилган шеърлар китобига сўзбоши ёзган.
Унда Бердақ шоирга: «Бугунги кунда Бердақ нафақат қорақалпоқ халқининг, балки барча қардош халқларнинг севимли шоири ҳисобланади» – деб баҳо берган эди ва Тўқтағул Сотилғановнинг поэзияси билан Бердақ шеърлари уйғун эканлигини таъкидлаб ўтган эди. Бердақ асарларини қирғиз тилига машҳур шоир Қамбарали Бобулов маҳорат билан таржима қилган.
Таржимонлар ҳақида сўз юритганда, мен ўзим яхши танийдиган Узоқбой Пиржанов билан Алписбой Султоновни айтмай кетолмайман. Узоқбой оға билан ўша 1982 йили Нукусга келганда танишган эдим. У киши менга Ч.Айтматовнинг қорақалпоқ тилида нашр этилган қиссаларини берган эди. У.Пиржанов Чингиз Айтматов билан шахсан учрашиб, уйида меҳмон бўлган, дуосини олган. Алписбой оғамиз эса Узоқбой Пиржановдан кейин таржима ишини давом эттирган ва Ч.Айтматовнинг «Кассандра тамғаси» ва «Қулаётган тоғлар» романларини қорақалпоқ тилига таржима қилган. Шу билан бирга «Қорақалпоқ прозасида Ш.Айтматовнинг поэтик анъаналари» монографиясини ёзган.
Бугунги кунда Жупар Қаниязова – Ч.Айтматов, Ш.Холмирзаев, Ш.Сейтовнинг ижодини қиёсий таҳлил қилиб,, докторлик диссертациясини ёқлади. Мен илмий оппонент бўлдим.
Ч.Айтматовнинг асарлари қорақалпоқ театрларида сахналаштирилиб келинмоқда. Актриса Айимхон Шамуратовани айтмай кетиб бўлмайди, у Тўлғаной образини маҳорат билан ижро этган.
Таниқли ўзбек ёзувчиси Нурали Қобул эса Чингиз Айтматов ва унинг асарларини таржима қилиш фаолияти хусусида қуйидаги фикрни билдирган: «Мен Чингиз Айтматовни адабиёт осмонида порлаган юлдузлардан деб биламан. Бу саноқли 20 йил ичида бўляпти. Мен Чингизни яхши кўриб ўқийман, у ижодда доимо мен билан бирга юради, бизлар учрашиб гаплашмаган бўлсак ҳам, ҳаёлий билан маслаҳатлашаман, фикрлашаман. Менинг «Болалик даврининг осмонида» қиссам чоп этилганда кўпчилик ўртоқлар «Оқ кема»нинг иккинчи варианти деб ҳисоблади. Мен уни танимайман, асарларнинг ўхшаш томонлари бор. Ёмон асар ёзишдан кўра, яхшига яқинлаштириб, ўз олдига йўл излаб кетишга ҳаракат қилгани яхши эмасми? Айтматов Шакарни, тоғни, даштни қандай ҳаяжон билан ёзса, мен ҳам туғилиб ўсган еримни шундай завқ билан ёзишни яхши кўраман. «Оқ кема» қиссасида кўтарилган муаммолар бугунги кундаги ечилиши зарур масалалардир. Биринчидан, табиатни асраш барчамизнинг бурчимиз ва унга масъулмиз. Иккинчидан, аждодларимиз меросига, тарихимизга доимо назар солишимиз керак. Бу борада Ч.Айтматов нафақат бадиий ижодда, балки амалий ҳаётда ҳам кўп ҳаракат қилаёпти» деган фикрни билдирган.
Қирғиз-қорақалпоқ адабий, илмий, маданий алоқалари ривожланиб бормоқда. Улуғ шоирлар Бердақ, Ажиниёз, Тўқтағулнинг эл, ер, ўлим, умр, табиат ҳақидаги шеърлари эса фалсафий фикрларга қурилиб, халқ кўнглидан жой олган. Тўқтағулнинг шеърлари ўтган асрнинг қирқинчи йиллари таржимон М.Дарибоев ва Д.Назбергенов томонидан таржима қилинган. Масалан, «Ҳаёт» «Xaйр, oпa», «Васият».
1964 йили Қорақалпоғистонда Тўқтағул Сотилгановнинг 100 йиллик юбилейи юқори даражада ташкил этилган ҳолда ўтказилди. Матбуот саҳифаларидан шоир юбилейига кенг ўрин ажратилиб, мақолалар эълон қилинди. Шоир ҳақида «Қирғиз элининг буюк фарзанди» деган мақола ёзилса, Т.Жумамуратов ва Ғ.Сейтназаровлар «Асирликда», «Санъат» ва б. асарларини таржима қилган.
Шунингдек, қорақалпоқ халқи ва таниқли шоир-ёзувчилари замонавий қирғиз адабиётининг асосчиларидан бири машҳур шоир Аали Тўқамбоевнинг 60 йиллигини нишонлаб, Ғ.Сейтназаров таржимасида «Севганимга,» «Юраги тўла муҳаббат», «Ким билар», «Уч ҳақиқат» ва бошқа лирик-фалсафий шеърлари қорақалпоқ китобхонларга етиб борган.
Қорақалпоқ китобхонлари машҳур шоир Суюнбой Эралиевнинг ижодини катта қизиқиш билан ўқиган. Унинг лирикаси қорақалпоқ ўқувчиларининг қалбидан чуқур жой олган. С. Эралиев машҳур қорақалпоқ шоири Ибройим Юсупов билан дўст, ижодий алоқада бўлган. Ибройим Юсупов бир неча қўшиқларни қирғиз дўстларига бағишлаб ёзган.
С. Эралиевнинг 50 йиллиги ва ижодий юбилейи Қорақалпоғистонда 1971 йили ўтказилган. Таниқли қорақалпоқ шоири Б.Қайипназаров томонидан С.Эралиевнинг «Тоғлар», «Етти-Ўгиз курортида», «Одам» каби лирик асарлари таржима қилиниб, нашр қилинган. С.Эралиев «Менинг дўстларим кўп» деб қорақалпоқ шоир-ёзувчилари билан фахрланган.
Ибройим Юсупов билан 1982 йилда Нукусда учрашдим. Унинг ғоят истеъдодли шоир, одамийлиги юксак экани дарров билинди. Мени ёш демай, Ёзувчилар уюшмасида қабул қилиб, уйига олиб бориб, дастурхон ёзиб, Суюнбой Эралиев ва Чингиз Айтматов ҳақида узоқ гапиргани ҳали эсимда. Менинг докторлик диссертациямни ёзиш учун материал йиғишга келганимни эшитиб, машҳур ёзувчилар, таржимонлар Узоқбой Пиржанов билан Шаўдирбой Сейтов билан таништирди.
Ибройим Юсуповнинг Аали Токамбаевга бағишланган «Олатоғдан шабада» ва «Иссиқ кўл», «Арачан», «Қирғизлар» ҳақидаги шеърлари чуқур ҳис-туйғу билан қирғиз халқига бўлган ҳурмат-иззат билан ёзилган шеърлар.
Дўстлик кучли бир-бирига берилса,
Дийдорингга қарайманда тўяман.
Олатовдан оқ қалпоғинг кўринса,
Қора тоғдан қора қалпоқ силкийман –
деб ёзади Ибройим Юсупов.
Ибройим Юсуповнинг шу шеъридаги мана бу сатрлар юракни тўлқинлантиради.
Икки Чингиз ёвлаб олди элимни,
Бирини мен ёқтирмайман ўлгунча.
Иккинчисин-очиб юрак тўримни,
Соғинаман, шошиламан кўргунча.
Айтматов ҳақида гапирганда қорақалпоқнинг таниқли ёзувчилари билан ижодий алоқаси ва ижодий таъсирини айтмай ўтиш мумкин эмас. Айтматов машҳур қорақалпоқ адабиётининг вакили дунёга машҳур бўлган Тўлепберген Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқ достони» номли роман-трилогиясини юқори баҳолаган. Айтматов унинг романи собиқ иттифоқ давлат мукофотига тавсия этилганини жуда қўллаб-қувватлаган.
Улар, энди тенгқур, замондош, дўст бўлган. Мен Тўлепберген Қайипбергенов билан Ч.Айтматовнинг 70 йиллиги Парижда ЮНЕСКОда нишонланган пайтда бирга бўлиб, танишган эдим. Ўшандан бери яқин муносабатда бўлдим. Тўлепберген Қайипбергенов, Одил Ёқубов ва Чингиз Айтматов менинг уйимда меҳмон бўлди. Т.Қайипберганов «Ч.Айтматов ҳақида сўз» деган мақоласини 1978 йили «Амударё» журналида (№6) эълон қилган. Унда “ Адабиётда «Чингиз Айтматов мактаби», янги «Чингиз Айтматов анъанаси» пайдо бўлди» – деб ёзади.
Эсимда, 1982 йили номзодлик диссертациямни ҳимоя қилгандан кейин Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистонда илмий сафарда бўлдим. Ўша сафаримда қорақалпоқ элида бир жума бўлиб, қорақалпоқ элининг фахри, халқ шоири Ибройим Юсупов ва халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов билан учрашиб, уйларида меҳмон бўлиб, қирғиз-қорақалпоқ халқларининг дўстлиги, бирлиги, адабий алоқалари ва жаҳон адабиётининг кўзга кўринган ёзувчиси Чингиз Айтматов ижоди ҳақида узоқ суҳбатлашган эдик. Шу сафарда Айтматов асарларини таржима қилган Узоқбой Пиржанов билан ва ёзувчи Ш.Сейтов билан ҳам суҳбатлашдим.
Фрунзега (Бишкек у пайтда шундай аталарди) келиб, «Совет Қирғизистони» газетасига “Чыгармачылык байланыштын үзүрү” («Ижодий алоқанинг маҳсули») деган сарлавҳали мақола эълон қилган эдим (1982, 22 август).
Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллигига борадиган бўлганлиги учун, ушбу газетани архивдан топиб, қорақалпоқ ўқувчиларини ва тадқиқотчиларини қизиқтиради деган мақсади билан Т.Қайипбергеновнинг, Ш.Сейитовнинг ва У.Пиржановнинг фикрларини эълон қилишни маъқул кўрдим («Чингиз Айтматов ва қорақалпоқ адабиёти» мақоласи // «Еркин Қарақалпақстан» газетаси, 2024 йил 9 ноябрь, №136 ).
Ч.Айтматов қорақалпоқ элининг буюк шоири Бердақнинг асарларини юқори баҳолаган. Маданий жамоатчилик қорақалпоқ шоирининг 150 йиллигини нишонлашда ҳурматли меҳмонлар қаторида Чингиз Айтматов ҳам таклиф этилган эди. «Истеъдодли қорақалпоқ халқининг буюк шоири Ғарғабой ўғли Бердақнинг мураккаб тақдири, ҳаётий позицияси, унинг ўз элининг фарзанди бўлганлиги ҳақида ўйлаганимда бутун атрофингда кўз етмаган қум-чўл, юраверсанг сароб, кўзни очирмайдиган гарисел шамол ҳукм сурган далада минг илдизи ерга сингиб табиатнинг бу золим ҳукмига бўйсунмай, кўркайиб, атрофига шамол чорлаб ўсган кўп асрлик чинор терак кўз олдимда чайқалиб туради» [Бердақ. Умр ҳикоялари. – Фрунзе: Қирғизистон, 1980. – Б. 5.] – дейди у.
Бердақнинг ижоди халқ манфаатини куйлашга бағишланган. «Халқ учун» шеъри панд-насиҳат шаклида ёзилиб, унда одамнинг жамиятдаги ўрни, меҳнати, одамийлиги, элига бўлган муҳаббати ҳақидаги ўйлари қамраб олинган. «Халққа хизмат қилиш» ҳақида:
Етарсан муродга гар хизмат қилсанг,
Элинг йўллаганда ҳар қаён кетсанг – дейди шоир.
Ч.Айтматов буюк шоир ижоди билан танишиб, шундай хулосага келади:…»Бердақ билан бизнинг Тўқтағулнинг ҳаёти, ижоди ва тақдири бир-бирига чуқур уйғунлашиб кетган. Чунки, уларнинг иккови ҳам оддий халқ ўртасида етишиб, иккови ҳаёти давомида ўз халқининг жонли зибони, иккови ҳам халқининг тонг булбуллари бўлган.
Бердақ ҳам бизнинг Тўқтағул каби ўз даврининг муаммолари олдида ҳайиқмасдан қалам тебратган» [Айтматов Ч. Қум чўлдаги чинор терак // Бердақ. Умр ҳикоялари. – Фрунзе: Қирғизистон, 1980. – 5-б.]. Кўп миллатли адабиётнинг қимматли мероси бўлган Бердақнинг асарларини қирғиз ўқувчиларига чуқур таништиришда Чингиз Айтматовнинг катта хизмати бор.
Ч.Айтматовнинг асарлари Т.Қайипбергенов, М.Сейтниязов, С.Салиев, У.Пиржанов, Ш.Сейтов ва бошқалар томонидан ижодий ўрганилган. Адабиётшунослар С.Баҳадирова, Қ.Оразимбетов, А.Султонов, З.Бекбергенова, Ж.Каниязовалар ва мен ҳам Ч.Айтматов ижодини ўргандим.
Қорақалпоқ китобхонлари Ч.Айтматов асарларини севиб ўқийди, олимлари илмий тадқиқотлар ёзди, шоирлар шеърлар бағишлади, театр саҳнасида «Момо ер», «Жамила», «Лувр ўрдаги» каби спектакллари саҳналаштирилди.
Мен қорақалпоқ элига ва ўқувчиларига айтматовшунос сифатида ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Абдилдажон Акматалиев,
Ш.Айтматов номидаги тил ва адабиёт
институтининг директори, академик.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги