Сенат: «қора бозор»да 550-600 миллион долларлик тилла буюмлар норасмий айланмоқда

Қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун аниқ жавобгарлик чоралари белгиланаётгани ноқонуний ҳолатларни бартараф этади.
Сенат ялпи мажлисида 2019 йилда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинганида «валюта қимматликлари» тушунчасидан қимматбаҳо металл ва тошлар чиқариб ташлангани таъкидланди. Бу эса, суд-тергов амалиётида уларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ишларда жавобгарлик масаласини очиқ қолдирган.

Бу каби ҳуқуқий бўшлиқлар “қора бозор”да ноқонуний муомала ҳажмининг кескин ошишига олиб келган. Сўнгги 5 йилда қимматбаҳо металл ва тошларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 100 дан ортиқ ҳолат аниқланиб, қарийб 50 миллиард сўмлик олтин, кумуш, олмос ва зумрад мусодара қилинган.
Қонунчиликдаги номутаносибликлар қонуний имтиёзларга эга бўлган 2 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг ҳам фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.Бундан ташқари, «қора бозор»да 550-600 миллион долларлик тилла буюмлар норасмий айланмоқда. Мустақил олтин изловчилар томонидан топшириладиган олтин ҳажми 2020 йилдаги 40 килограммдан 2023 йилга келиб 100 бараварга камайган.

Валюта, қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи соҳасида юзага келган ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун муҳим ўзгартиришларни ўз ичига олади. Жумладан, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритилди.
Жиноят кодексининг 177-моддасида ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасида қимматбаҳо металлар ва тошларни қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун аниқ жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Тушунчаларга аниқлик киритилди. Хусусан, қонунчиликка «қимматбаҳо металлар» ва «қимматбаҳо тошлар» каби янги тушунчалар киритилиб, мавжуд атамалар янги таҳрирдаги «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштирилмоқда.
Мажбурий сотув учун жавобгарлик бекор қилинмоқда, яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасида валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан бўйин товлаганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун валюта, қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат), ЎзА