“Пойтахт” бизнес марказида давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлигини халқаро баҳолаш тамойилларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижнинг молиявий ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлигини PEFA методологияси мезонлари асосида баҳолашни ўтказишнинг илмий-амалий жиҳатлари таҳлил этилди.

PEFA – мамлакат давлат молиясини бошқариш (ДМБ) тизими самарадорлиги даражасини акс эттирувчи диагностик механизм. У фидуциар кафолат инструментни, яъни инвестицияларни киритиш ва кредитлаштириш йўлидаги ишончли баҳо ва тузилма бўлиб, ДМБнинг муносиб амалиёти бўйича маълумотнома ва мамлакат ичида ДМБ тизимининг самарадорлик динамикасини таққослашга хизмат қилади. Айниқса, PEFA баҳоси Европа Иттифоқи, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар учун муҳимдир.

Қайд этилганидек, давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш доирасида Молия вазирлиги ва Жаҳон банки томонидан 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги институционал салоҳиятни ошириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Юқорида зикр этилган қарор ижросига кўра, Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасида давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик методологияси мезонлари асосида давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлигини баҳолашни ўтказиш чораларини кўриш белгиланган. Шу мақсадда Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи делегацияси жорий йилнинг 5 октябрига қадар Тошкентда бўлиб, давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлигини PEFA методологияси мезонлари бўйича баҳолашдан ўтказади. Бу борада якуний хулосани маълум қилади.

– Маҳаллий вакил сифатида ишчи гуруҳ аъзосиман, – деди Молия вазирлигининг бюджетни тузиш ва ғазначилик ижроси, ички аудит ва молиявий назорат методологияси бошқармаси бошлиғи Исмонжон Мамажонов. – Ишчи гуруҳ давлатнинг молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини, давлат бюджетининг шаффофлиги ва молиявий барқарорлигини PEFA мезонлари бўйича баҳолайди. Давлатнинг молиявий барқарорлиги хорижий сармоядорларнинг қизиқишини орттириб, ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга йўл очади. Бу жараёнда PEFA маълумоти уларнинг фаолиятида муҳим бўлади. Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи делегацияси иштирокидаги гуруҳ томонидан давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлиги холисона баҳолашдан ўтказилиши биз учун ҳам муҳим. PEFA мезонлари асосида давлат молияси 3 натижа, 7 рукн, 31 кўрсаткич ва 94 параметр талаблари бўйича баҳоланади. Натижалар Молия вазирлиги ва Жаҳон банки сайтларига қўйилади.

– Тошкентда ўтказилган семинар гуруҳимиз учун ҳам фойдали бўлди, – деди Жаҳон банкининг иқтисодий масалалар бўйича мутахассиси, PEFAнинг мамлакатимиздаги гуруҳи раҳбари Патрик Пикер Ума Тет. – Айтиш жоизки, 2005 йилги дастлабки баҳолашлардан буён PEFA услубиёти 150 мамлакатда 500 маротаба қўлланилган. Давлат молиясини бошқаришни баҳолашда тан олинган стандарт бўлган мазкур методология 40 мингдан ортиқ индивидуал ишлаб чиқариш кўрсаткичларидан иборат йирик ҳажмдаги маълумотларни жамлайди. Биз охирги сафар PEFA баҳолаш методологияси бўйича Грузия давлатининг молиявий ҳолатини баҳолашдан ўтказганмиз. У ерда тез ва қисқа муддат хулоса берган эдик. Мана энди шу мақсадда юртингизга ташриф буюрдик. Мақсадимиз тезкорликда давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолашдан ўтказиш ва якуний хулоса беришдир.

Иштирокчилар икки кун давомида PEFA баҳолаш методологияси бўйича илмий ва амалий машғулотларда қатнашиб, бу борада билим, тажриба ва кўникмага эга бўлди. Семинар-тренинг баҳолаш натижалари узоқ муддатли давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш стратегияси ишлаб чиқишда ўз натижасини беради.

Якунда амалий машғулот иштирокчиларига сертификатлар берилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА