Ўзбек тили – бирдамлик ва тараққиёт рамзи

1989 йил 21 октябрь куни юртимизда «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилиниб, ушбу муҳим сана ҳар йили мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, миллий ғурур ва ифтихор, ўзликни англаш рамзи сифатида кенг нишонланади.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Т.Романов, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этди.
Байрам тадбирини университет ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Олим Дуйсенбаев очиб берди. У ўз нутқида йиғилганларни ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклаб, ўзбек тилининг бой тарихини, унинг маданиятимиз ва миллий қадриятларимизни асрашдаги аҳамиятини кенг тарзда сўзлаб берди.
Шунингдек, давлат тили нафақат мулоқот воситаси, балки халқимизнинг маънавий бойлиги, мустақиллигимиз ва миллий бирлигимиз тимсоли эканини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги жамият ҳаётидаги ўрни, тил сиёсатини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ёш авлодни она тилига муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётганини, тилга ҳурмат – миллатга ҳурмат эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда университетнинг иқтидорли талабалари иштирокида қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Байрам якунида олий ўқув юртлари талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган Оммавий диктант танлови ғолиблари тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги