Ёшлар билан учрашув – келажакка ишонч

93

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ёшлар муаммоларини ўрганиш мақсадида Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ёшлари билан учрашув ўтказилди.

Президентимизнинг «2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов мазкур ҳудудлардаги прокурорлар ҳомийликка олган ёшлар билан учрашиб, муаммоларини ўрганди.

Тадбирда ҳудуддаги манзил колониясида жазо муддатини ўтаётганларнинг содир этган жиноятларидан пушаймонлиги, қилмишларининг бугунги оқибати, келажакда танлаган йўллари бўйича билдирган фикрлари ёшларга катта сабоқ бўлди.

Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар ва муаммоли масалалар бўйича мурожаат қилиб, кенг тарзда жавоб олди. Хусусан, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 6 нафар ёшга имтиёзли кредит ажратиш масаласи шу ернинг ўзида ўз ечимини топди. 2 ёшнинг деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер ажратиб бериладиган бўлди.

Яна 9 нафар ёш томонидан кўтарилган таклиф ва масалалар тегишли ташкилотлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, ҳал этилиши юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Тадбир якунида ўз фаолияти давомида фаоллик кўрсатган бир қатор ёшлар етакчилари ва ёшларга прокурор ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги