Санъат ва маданият вакилларининг жамиятдаги масъулияти қандай?

Замонавий жамиятда шахс эркинлиги, очиқлик ва ижодий ўзини ифода этиш қадрланаётган бўлса-да, бундай эркинликнинг чексизлиги айрим ҳолларда нотўғри тарғиботларга сабаб бўляпти. Айниқса, маданият ва санъат соҳасида бу каби нотўғри қарашлар тобора кўпайиб бормоқда. Бу эса нафақат ижтимоий ҳаётга салбий таъсир кўрсатади, балки ёш авлоднинг онгига ҳам зарар етказиши табиий.
Санъат ҳар доим инсон қалбининг энг нозик, нафис туйғулари тўпланадиган макон бўлиб келган. Бу соҳа орқали одамлар ўз ҳис-туйғуларини, ҳаётга бўлган қарашларини ифода этадилар. Шундай экан, маданият ва санъат вакиллари – актёрлар, қўшиқчилар, рассомлар, ёзувчилар жамиятда ўзига хос намуна ва қадрли образ бўлишлари лозим. Уларнинг ҳаракатлари, сўзлари, саҳнадаги образлари кўплаб инсонларга таъсир қилувчи кучга эга.
Аммо бугунги кунда кўплаб санъаткорларнинг ижодий маҳсулотлари ўз моҳиятидан йироқ, фақат томошабинларни жалб қилиш, сотиш ёки эътибор қозониш учун яратилмоқда. Қўшиқлардаги оддий ва мазмундан йироқ бўлган тақлид сўзлар, актёрларнинг бачканабозлиги, шахсий ҳаётнинг энг сирли қирраларини ҳам кўрсатиш каби ҳолатлар маданият вакилларига бўлган ҳурматни пасайтириши мумкин.
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар кенг оммалашиб, ҳар бир инсон ўз фикрини, ҳаётидан парчаларни эркин ифода эта оладиган платформага айланди. Аммо айни шу майдонда маданият ва санъат вакилларининг хатти-ҳаракатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзида уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ножўя, мантиққа тўғри келмайдиган, ҳатто беҳаё ёки ҳақоратли фикрлари ёшлар орасида нотўғри хулқ-атворни тарғиб қилмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу соҳа вакилларининг нафақат саҳнадаги, балки ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатлари ҳам масъулиятли ва ўйланган бўлиши зарур. Айнан санъат ва маданият вакилларидан бу қадар масъулиятли ёндашувни талаб қилишимизга сабаб, ижтимоий ҳаётимизга ушбу соҳа вакилларининг таъсири жуда катта ва бу таъсир ижобий йўналишда бўлиши бизни тарбиявий ва маданий жиҳатдан юксалтиришга хизмат қилади.
Бугун ижтимоий тармоқларда тарбиясиз ҳаракатлари билан юрган инсонни эртага муштипар она тимсолида кўролмаймиз ёки ғайриоддий ҳаракатлари билан “like” тўплаётган хонанда эртага инсоннинг энг нозик ва чуқур ҳис туйғуларини тараннум этиши, тингловчида ноаниқ ҳиссиётлар пайдо қилиши табиий. Шахс эркинлиги ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлса-да, у чексиз эмас. Ҳар қандай эркинлик бошқаларникини чекламаслиги, жамиятнинг умумий ахлоқий фазилатларига зид бўлмаслиги керак. Айниқса, санъат ва маданият соҳасида ижодкорларнинг ўзини тутиши жамиятдаги тарбия ва маданият даражасини белгилайди. Шу сабабли, шахсий ҳаёт ва ижтимоий ҳаёт ўртасидаги чегарани аниқ белгилаш, инсонийлик тамойилларини унутмаслик зарур.
Санъат ва маданият жамиятнинг энг нозик, энг муҳим соҳаларидан бири бўлиб, ундаги ҳар қандай ўзгариш ёки бузилиш бутун жамиятга таъсир қилади. Ушбу соҳа вакиллари ўзларининг шахсий ҳаётларида ва ижтимоий майдондаги ҳаракатларида масъулиятни ҳис қилишлари зарур. Шу тариқа, улар нафақат ўзларини, балки жамиятни, аввало ёш авлодни соғлом тарбиялашга хизмат қилишлари мумкин. Шахс эркинлиги инсонийлик чегараларидан чиқмаслиги, маданиятимиз, тарбиямизни мустаҳкам хизмат қилиши эса келажак учун муҳим замин бўлади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА