Усмон Абдуғаниев “Batumi Open-2025” ғолибига айланди

174

Грузияда таэквондо WT бўйича турли ёш тоифаларида ўтказилган “Batumi Open-2025” халқаро турнирида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ИИВ “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплекси таэквондочилари 3 та олтин ва 1 та кумуш медалига эга чиқди.

Жумладан, нуфузли мусобақанинг сўнгги кунида Усмон Абдуғаниев (-27 кг.) грузиялик Йоане (loane) Жорбенадзени, Торгва Сумбадзени, туркиялик Али Барат Аталанни  енгиб финал босқичига йўл олди. Сўнгги ҳал қилувчи финал жангида мезбонларнинг яна бир вакили Лука Лашкини дастлабки раундда 12:2, иккинчи раундда эса 9:3 ҳисобида мағлубиятга учратган ҳолда  “Batumi Open-2025” чемпионига айланди.

Шунингдек, ўз вазнларида Эъзозахон Раҳмонова(-42 кг.) ҳамда Муҳаммад Дилшодов (-29кг.) олтин, Муҳаммад Али Исмоилов (33 кг.) эса кумуш медалини қўлга киритди.

– “Batumi Open-2025” халқаро турнирида шогирдларимнинг қўлга киритган улкан муваффақиятларини кўриб, руҳландим. Насиб этса, улар келгусида қитъа ва жаҳон чемпионатларида, Осиё ҳамда Олимпия ўйинларида ҳам шоҳсупага кўтарилади. Мазкур мусобақа спортчиларимиз учун муҳим тажриба вазифасини ўтади. Бизнинг бу каби турнирларда иштирокимизни таъминлаган ва қулай шароитлар яратиб берган ИИВ “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплекси мутасаддиларига миннатдорлик билдирамиз, – деди комплекснинг таэквондо WT бўйича мураббийи Обиджон Абдураҳмонов.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА