Волейбол: жаҳон чемпионатидаги бугунги рақибимиз – Бразилия терма жамоаси

106

Бугун, 1 август куни мамлакатимизда волейбол бўйича ўсмирлар терма жамоалари иштирокида давом этаётган U19 жаҳон чемпионатининг 1/4 финал ўйинлари, шунингдек 9-16 ва 17-24-ўринлар учун баҳслар бўлиб ўтади.

Чемпионат дастурига мувофиқ, Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройида 1/4 финалида рўбарў келадиган Корея Республикаси — Польша, Испания — Болгария, Франция — Италия, Эрон — Финляндия ўйинлари ташкил этилади.

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуаларида 9-16-ўринлар учун курашадиган Хитой — Покистон, Аргентина — АҚШ, Бразилия — Ўзбекистон, Бельгия — Япония ҳамда 17-20-ўринларга даъвогарлик қилаётган Туркия — Куба, Пуэрто-Рико — Колумбия, шу билан бирга 21-24-ўринлардан жой олишга чоғланган Тунис — Жазоир, Миср — Канада U19 терма жамоалари баҳс олиб боради.

Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон U19 терма жамоаси 1/8 финалда жаҳон рейтингида 3-ўринда турадиган Италия терма жамоасига йўл бериб, 9-16-ўринларга номзод жамоалар қаторида ҳаракатланмоқда.

Бугун сербиялик мураббий Моро Бранислав бошчилигидаги волейболчи йигитларимиз 1/8 финалда Франция жамоасига мағлуб бўлган Бразилия волейболчилари билан куч синашади.

Маълумот учун, ҳамюртларимизнинг бугунги рақиби Бразилия терма жамоалари дунёдаги энг кучли жамоалардан бири саналади. Волейбол бўйича Бразилия терма жамоаси ўтган Олимпия ўйинларининг деярли барчасида иштирок этган. Доимий тарзда жаҳон чемпионати қатнашчиси ҳисобланади. Бразилия волейболчилари 1992, 2004 ва 2016 йилги ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби, 2002, 2006 ва 2010 йиллари жаҳон чемпионлиги мақомига кўтарилган.

Айни маълумотлардан келиб чиқиб айтиш лозимки, ҳозирда дунё рейтингида кучли учликдан жой олган Бразилиянинг U19 жамоаси билан Ўзбекистон U19 терма жамоасининг куч синашиши ҳамюртларимизга катта маҳорат дарси бўлиши билан бирга мамлакатимиз волейболининг халқаро майдондаги ўрни ошишига салмоқли таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.

Эслатиб ўтамиз, Бразилия U19 – Ўзбекистон U19 жамоалари ўртасидаги ўйин бугун, соат 17:00 да Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида бошланади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА