Тахтакўпирда миллатлараро ҳамжиҳатликка бағишланган фестиваль ўтказилди

189

Ҳар бир миллат ўз маданияти ва қадрияти билан гўзал. Ўзбекистонда истиқомат қилувчи 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ягона Ватан — Ўзбекистонда тинчлик ва тотувлик шароитида умр кечирмоқда. Миллатлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда «Ўзбекистон — умумий уйимиз» ғоясини ҳаётга татбиқ этишда муҳим пойдевор бўлмоқда.


Айни пайтда 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар миллатлар ўртасидаги дўстлик, бирдамлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Ўз миллий маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатларини ривожлантираётган ушбу марказларга давлат томонидан замонавий техник жиҳозлар, миллий либослар, мусиқа асбоблари ва моддий базани мустаҳкамлаш учун қатор ёрдамлар кўрсатилмоқда.
30 июль — Халқаро дўстлик куни муносабати билан Тахтакўпир туманида жойлашган «Қаратерең» туристик марказида «Дўстлик фестивали» юқори кайфият ва тантанали руҳда бўлиб ўтди.


Фестиваль доирасидаги тадбирларда мингдан зиёд ёшлар, талабалар, туристлар ва маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди. Бундай йирик байрамда халқ сайиллари, турли миллат вакиллари тайёрлаган миллий таомлар, рассомлар ва ҳунармандлар асарлари, миллий маданий марказларнинг либос ва адабиёт кўргазмалари кенг намойиш қилинди.


Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Орынбаев қатнашиб, мамлакатимизда миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар ҳақида нутқ сўзладилар.
Шунингдек, Қозоғистон ва Туркманистон Республикаларининг расмий вакиллари ҳам тадбирда фахрий меҳмон сифатида иштирок этдилар.
Фестиваль доирасида миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари ва адабиётлар кўргазмаси, маҳаллий кластерлар ва фермер хўжаликлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар намойиши бўлиб ўтди.


Кеча давомида таниқли санъат ва маданият намояндалари томонидан Ватан, тинчлик, халқлар дўстлиги ва ҳамжиҳатлик мавзусидаги ижодий концерт дастурлари намойиш этилди. Мусиқий чиқишлар иштирокчилар руҳини баланд қилиб, уларнинг қалбида Ватанга бўлган муҳаббатни янада кучайтирди.
Шунингдек, «Энг яхши қисқа ролик», «Энг яхши сценарий», «Энг яхши қўшиқ», «Энг яхши сурат» ва «Энг яхши фото тўплам» номинациялари бўйича ижодий танлов ўтказилди. Ғолиблар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бу танловлар орқали ёш ижодкорлар ўз салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлдилар.


Куннинг энг сўнгги ва таъсирли қисми — салютлар шоуси бўлиб, тадбирга тантанали якун ясади.
Бу каби тадбирлар мамлакатимизда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, бирдамлик ва бағрикенгликни ривожлантиришда беқиёс аҳамият касб этади. Чунки тинчлик бор жойда тараққиёт ва фаровонлик бўлади.

 

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари