Россия вакили Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотларни эътироф этди

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Россия Федерациясида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий давлатни ривожлантириш ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
С.Сафоев Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини, бу борада парламент ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этди. У икки давлат ўртасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги, омбудсманлар институти доирасидаги алоқаларни ва парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш йўналишида амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА