Нукусда тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

43

Юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, улар учун қулай ва соғлом ҳаёт шароитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш масаласи Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида турибди.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги 98-сонли қарорига асосан Нукус шаҳридаги сув тозалаш иншоотида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун давлат томонидан 74,9 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Ҳозирги кунда мазкур иншоот орқали кунлик 60 минг куб метр тоза ичимлик суви 279 минг нафар аҳолига етказиб берилмоқда. Реконструкция якунлангач, объектнинг ишлаб чиқариш қуввати кунлик 90 минг куб метрга етказилади ва натижада 344 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, реконструкциядан сўнг иншоотда 140 минг куб метр сувни тиндириб, сақлаш имконияти вужудга келади. Бу эса сув таъминотида барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлади.

Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Режага мувофиқ, яқин вақт ичида ушбу иншоот тўлиқ қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилади. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши орқали Нукус шаҳри ва яқин атрофдаги аҳоли пунктларида яшовчи фуқаролар учун тоза ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги