Ёшлар парламенти ва маслаҳат гуруҳлари фаолияти такомиллаштирилади

95

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида Ёшлар парламенти ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қошидаги ёшлар маслаҳат гуруҳларининг 2025 йил иккинчи ярим йилликка мўлжалланган иш режалари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ёшлар парламенти раиси келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Сенаторлар томонидан Президент раҳбарлигида ўтказилган ёшлар учрашувида илгари сурилган ташаббуслар асосида иш режаларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.

Хусусан, маҳаллалардаги 167 минг нафар уюшмаган ёшлар ҳамда тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарлик содир қилган 17 минг ўқувчини ҳисобга олган ҳолда ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, салбий ҳолатларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва бартараф этишда Ёшлар парламентининг фаоллигини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, жамоатчилик эътиборини ҳудудлардаги болалар майдончалари ҳолатига қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, ёшлар маслаҳат гуруҳининг ҳар бир аъзоси маҳаллий депутатларга “устоз-шогирд” тизими асосида бириктирилди.

Муҳокамада ёшларга оид қарор лойиҳалари бўйича фикрларни ўрганиш, депутатлар билан учрашувлар ташкил этиш, маҳаллий кенгашлар фаолияти билан ёшларни таништириш, тегишли комиссиялар билан ҳамкорликда ёшлар масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш ва ижобий тажрибани оммалаштириш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА