Йирик акция: Италия 10 000 жиноятчини озод қилмоқчи

«Reuters» ёзишича, Италия Адлия вазирлиги мамлакатдаги қамоқхоналар юкини камайтириш мақсадида 10 000 га яқин маҳкумни озод қилиш масаласини кўриб чиқяпти. Бу жазо ўтаётганларнинг тахминан 15 фоизи, дегани.
Баёнотга кўра, 10 105 нафар маҳкум уй қамоғи ёки синов муддати каби муқобил жазо чораларига “эҳтимолий равишда мос” деб топилган. Улар орасида жазо муддати тугашига икки йилдан кам қолган, апелляция жараёни якунланган ва сўнгги 12 ойда интизомий жазо олмаган шахслар бор.
Терроризм, уюшган жиноятчилик, зўрлаш, одам савдоси ёки ўғирлиги каби оғир жиноятлар учун жазо ўтаётганлар айни рўйхатга киритилмайди.
“World Prison Brief” маълумотига кўра, Италия Европада энг зич қамоқхона тизимига эга давлатлардан бири бўлиб, бандлик даражаси 122 фоизни ташкил этади.
Сўнгги вақт қамоқхоналарда ўз жонига қасд қилиш ҳолати ортгани, иссиқ ҳавода шароит ёмонлашгани тез-тез тилга олиняпти. Шунга қарамай, Адлия вазирлиги бу қарор сиёсий жиҳатдан сезгир масалалигини тан олиб, озодликка чиқариш босқичма-босқич амалга оширилишини билдирди.
Жараённи мувофиқлаштириш учун тузилган ишчи гуруҳ ҳар ҳафта йиғилиб, сентябрга қадар фаолияти юзасидан ҳисобот беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА