Қорақалпоғистонда 2025-2026-ўқув йили учун тест синовлари бошланди

126

Бугун, 14 июль куни, Ўзбекистон бўйлаб 2025-2026 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бошланди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ушбу жараёнлар юқори ташкилотчилик даражасида старт олди.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг спорт мажмуаси тест синовлари ўтказилаётган асосий нуқталардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда абитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, ота-оналар учун қулай кутиш жойлари, тест жараёнини онлайн тарзда кузатиш имконияти ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган муҳит ташкил этилган.

Шунингдек, Қорақалпоқ давлат университетининг Спорт саройида ҳам тест синовлари ташкил этилган. Ушбу жараёнларда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари ва волонтёрлар жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар абитуриентларга йўналиш бериш, ташкилий ишларга кўмаклашиш ва бошқа қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажармоқда.

Маълумот учун, тест синовлари ҳар куни икки сменада ташкил этилмоқда: 1-смена соат 08:00 дан 11:00 гача, 2-смена эса 15:00 дан 18:00 гача ўтказилади. Қорақалпоғистон бўйича жами 32 700 дан ортиқ абитуриентнинг тест синовларида қатнашиши кутилмоқда. Тест жараёнлари 22 июлга қадар давом этади.

Барча тест жараёнлари видеокузатув остида бўлиб, test2025.uz сайти орқали онлайн тарзда кузатиш имконияти ҳам яратилган.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги