Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

57

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев раҳбарлигида Хўжайли туманида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва давлат дастурлари доирасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.


Йиғилишда республика идора ва ташкилотлари, тегишли вазирликлар, туман раҳбарияти, маҳаллий кенгаш ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбирда аввало маҳаллаларни ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш, давлат дастурлари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, кўп қаватли уйлар қурилишини жадаллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, камбағалликни қисқартириш ва фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш каби муҳим йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш, томорқалардан самарали фойдаланишни оммалаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига амалий кўмак бериш, банк хизматлари ва бозор инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижроси бўйича ҳам ахборотлар эшитилди.
Йиғилишда ушбу ишлар учун зарур шароитлар ва молиявий манбалар яратиб берилгани таъкидланди. Шунга қарамай, айрим раҳбар ва мутасаддиларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани танқид қилинди.
Мажлис якунида йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, ўз вазифасини лозим даражада бажармаган масъулларга интизомий чоралар кўриш, зарур ҳолларда уларнинг лавозимига лойиқлигини қайта кўриб чиқиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги