Ғўзалар зарарли организмлардан қандай ҳимоя қилинмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан республикамизнинг ғўза майдонларида учрайдиган хавфли зараркунандалар (сирка, трипс, кўсак қурти, ўргимчаккана, қандала ва бошқалар), касалликлар ва бегона ўтларга қарши курашиш тадбирларининг ташкилий равишда амалга оширилишини, уларнинг сифатли бажарилишини назорат қилишни таъминлаш мақсадида 2025 йилнинг 16 июнь санасидан 25 июль санасигача «Долзарб 40 кунлик» эълон қилинган бўлиб, бу борадаги тадбирлар Кегейли туманида ҳам давом этмоқда.


Албатта, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда илмий жиҳатдан ўрганилган тажрибаларга таянган ҳолда иш юритиш бугунги кун талабидир.
Ўсимликларнинг зараркунанда ва касалликларига қарши курашиш орқали сифатли маҳсулот етиштиришда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг хизмати алоҳида бўлиб, агрокластерлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ғўза майдонларида мониторинг ишлари олиб борилмоқда. «Долзарб 40 кунлик» тадбирлар режасига асосан туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ғўза майдонларида учрайдиган зарарли организмларнинг пайдо бўлиши, кўпайиши ва тарқалишига қарши самарали курашиш бўйича тадбирлар ўтказилиб, уларнинг амалга оширилиши ҳам назорат қилинмоқда.


– Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Кегейли тумани бўлими инспекторлари томонидан тумандаги фермер хўжаликларининг ғўза майдонларида фитосанитар мониторинг ўтказилиб, маҳсулотлардан намуналар олинди ва агентликнинг кўчма лабораториясида текширувдан ўтказилди, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Кегейли тумани бўлими бошлиғи Қуўанишбек Узоқбергенов.
Шунингдек, Кегейли деҳқон бозорида сотилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг фитосанитар тозалигини таъминлаш мақсадида агентликнинг туман бўлими мутахассислари томонидан мониторинг ўтказилиб, олинган намуналар асосида кўчма лабораторияда текширилгандан сўнг тегишли хулосалар берилди.


Сўнг агентлик мутахассислари тумандаги таълим муассасаларидаги мевали ва манзарали дарахтларга мониторинг ўтказди ҳамда ўсимликлардан намуналар олиниб, лаборатория хулосалари берилди. Учраши мумкин бўлган зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш бўйича жойларда тарғибот ишлари олиб борилиб, зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Агентликнинг кўчма лабораторияси мамлакатимизда фитосанитар тозаликни таъминлаш, шунингдек, чет элларга карантин остидаги маҳсулотларнинг экспортини янада ошириш ва ушбу маҳсулотларга ўз вақтида лаборатория ечимини тақдим этишда алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.
Маълумот учун, экспортга чиқариш арафасида турган карантин остидаги маҳсулотларга фитосанитария лабораториясига 2025 йилнинг шу давригача барча туман инспекторлари томонидан маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 4479 турдаги намуна экспертизадан ўтказиш учун топширилди. Шундан, 1493 турдаги намуна энтомология текширувидан, 1493 турдаги намуна фитопатология, 1493 турдаги намуна гербологик текширувдан ўтказилди. Агентлик инспекторлари томонидан топширилган 4479 та турли намунага, жами 364 та экспертиза хулосаси берилиб, шундан 18 та ҳолатда хавфли объект аниқланган.

Шундан 1493 марта ўтказилган экспертиза натижасига кўра, 1 ҳолатда карантин касаллик бўлган ToBRFV вируси, 1 ҳолатда карантин объекти бўлган колорадо қўнғизи личинкаси, 12 ҳолатда унсимон қурт, 1 ҳолатда ўргимчаккана, 1 ҳолатда қайрағоч баргхўри қурти, 1 ҳолатда фузариоз ва 1 ҳолатда фитофториоз касаллиги аниқланди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.