Самарқанд форуми доирасида миграция масалалари юзасидан мулоқот

Хабар берганимиздек, 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Давлат хизмати форуми доирасида қатор халқаро учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда. Форум доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Швеция миграция вазири Ёхан Форсселл билан учрашув ўтказди.
Швеция демократик бошқарув, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва миграцияни самарали бошқаришда катта тажрибага эга мамлакат. Ўзбекистон учун бу каби мулоқотлар халқаро тажриба билан танишиш, шунингдек, фуқароларнинг чет элдаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги ечимларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистонда давлат хизматларини рақамлаштириш, аҳолига электрон хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашди.

Шу билан бирга IT хизматлар экспорти ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, Швеция билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда Европа бозорларига чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда масофавий касбларга алоҳида эътибор қаратилиб, маҳаллий ёшларни шу ердан туриб юқори маошли ва рақобатбардош иш ўринлари билан таъминлаш бўйича ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Ёхан Форсселл Ўзбекистондаги рақамли трансформация жараёнларига ижобий баҳо берди ва ушбу соҳада тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканлигини таъкидлади.
Бу каби мулоқотлар халқаро ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро фойдали муносабатларни ривожлантириш ҳамда глобал миграция сиёсатининг инсонпарвар ва самарали бўлишига ҳисса қўшади.
Н.Раҳмонова, ЎзА