Салоҳиятли иш берувчилар билан учрашув ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Тўрткўл тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишсиз ёшлар, профилактик ҳисобда турган фуқаролар ва таълим муассасалари битирувчилари учун Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Тўрткўл факультетида навбатдаги «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди.
Мазкур меҳнат ярмаркасига «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари бўлган фаол ҳунармандлар ва тумандаги тижорат банклари вакиллари таклиф этилди, – деб маълум қилади туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Унда «Салоҳиятли иш берувчилар билан учрашув» ўтказилди. Учрашувда тадбиркор ва ҳунармандлар, иш берувчилар ўзларидаги янги ва бўш иш ўринларини расмийлаштириш, ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш бўйича маълумотлар берди. Шу билан бирга тадбир давомида меҳнат муносабатларига оид бошқа тушунчалар берилди.


Шунингдек, ярмаркада 31 корхона ва ташкилот бўш иш ўринлари билан иштирок этди ва бевосита ярмаркада 29 ишсиз ўзига маъқул бўлган бўш иш ўринларига ишга жойлашди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги