“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти фаолиятини кенгайтирмоқда

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти республикамизнинг барча ҳудудларида қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар сонини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажми ва қувватларини ошириш ҳамда ҳудудларда яшаётган аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда.
Жумладан, Фарғона шаҳрида “To produce & sell constructions materials” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида ДСП ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасига кўра, яна 45 янги иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 16 миллиард сўм бўлиб, ташаббускор ўз маблағи ҳисобидан 6 миллиард сўмни ва хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан 10 миллиард сўм кредит маблағни ташкил этди. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида ишлаб чиқариш қуввати 7,5 миллиард сўмлик 150 минг дона ламинантланган ДСП ишлаб чиқаришга эришилди. Лойиҳа 2018 йил 11 май куни ишга туширилган.
***
Қувасой шаҳридаги “Фергана цемент” масъулияти чекланган жамиятида цемент ишлаб чиқаришни модернизация қилиш лойиҳасининг ишга туширилиши туфайли 35 миллиард сўмлик 150 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Умумий қиймати 6,05 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳага ташаббускор ўз маблағи ҳисобидан 1,55 миллиард сўм ва хизмат кўрсатувчи тижорат банки 4,5 миллиард сўм кредит маблағ ажратган. 15 та янги иш ўрнини яратган бу лойиҳа 2018 йил 10 май куни ишга туширилган.
***
Қувасой шаҳридаги «Қувасой шифер» акциядорлик жамиятида шифер ишлаб чиқаришни модернизация қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 2 миллион АҚШ доллари хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши ҳисобига 10 нафар фуқаро ишли бўлди. 15 миллиард сўмлик 7 миллион дона шифер ишлаб чиқариш имкониятини яратган лойиҳа 2018 йил 14 май куни ишга туширилган.
***
Ўзбекистон туманидаги “Форус капитал инвест” масъулияти чекланган жамиятида 80 янги иш ўрни яратилди. Умумий қиймати 22,347 миллиард сўм бўлган ушбу гипскартон ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бундай имкониятга сабаб бўлди. Бунда ташаббускор ўз ҳисобидан 14 миллиард сўм ва хизмат кўрсатувчи тижорат банки 8,347 миллиард сўм лизинг маблағлари ажратган. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 3,5 миллиард сўмлик 1,5 млн.кв.м. гипскартон ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа 2018 йил 1 июль куни ишга туширилган.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА