Ҳудудда тадбиркорлар сони ортиб бормоқда

Нукус туманида Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов бизнес вакиллари билан учрашув ўтказиб, тумандаги тадбиркорларнинг муаммолари ва янги лойиҳалари ўрганилди.
Учрашувда солиқ қонунчилигига оид ўзгаришлар ва янгиликлар ҳамда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумотлар берилди. Кичик тадбиркорларга фаолиятини ўрта бизнесга ўтказиш, ўрта тармоқдаги тадбиркорларга эса бизнесини янада кенгайтириш, шунингдек, экспорт имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда барча жойларда бўлгани каби республикамизда ҳам турли йўналишларда бизнес муҳити яхшиланаётгани натижасида ҳудудда тадбиркорлар сони тобора ортиб бормоқда.
Биргина мисол, республикада ҳозирги кунда 34 574 (шундан, 1 691 микрофирма, 1 471 кичик корхона, 16 312 якка тадбиркор) кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда.
Шу боис, айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувларда ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларга ечим топиш, уларнинг бизнесини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Очиқ мулоқотда иштирокчилардан ўндан ортиқ масала бўйича мурожаат ва таклифлар келиб тушди. Учрашув якунлари бўйича билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, туманда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.






Тадбир якунида мамлакатимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги