Филологлар «Ректор кубоги»ни қўлга киритди

85

«2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг «Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» деб номланган тўртинчи бўлимида мамлакатимиз ёшлари тарбиясига катта эътибор берилмоқда. Бу бўлимнинг «Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчи фуқаролар сонини 2026 йилда 33 фоизга етказиш» каби мақсадлари амалда ишга туширилмоқда.

Қорақалпоқ давлат университетида ҳам ушбу стратегия асосида қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, ёши улуғ профессор-ўқитувчилар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, талаба-ёшлар ўртасида спортнинг турли турлари бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолибларга ректорат томонидан махсус совғалар топширилди.

Юртимизда спорт ёшларимизнинг соғлом, ҳар томонлама чиниққан, ақл-заковатли ва муваффақиятли бўлиб камол топишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Шунга мувофиқ, Қорақалпоқ давлат университетида спорт мусобақаларини ўтказишда юқори шароитлар яратилиб, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишга қаратилган қатор ишларнинг амалга оширилишига сабаб бўлмоқда. Университетда ташкил этилган «Ректор Кубоги» мусобақаси – бу ёшларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва салбий ғояларга қарши туришга хизмат қилувчи асосий тадбирлардан биридир.

«Ректор Кубоги»нинг бу йилги мусобақаларида қизғин баҳслар ва кучли рақобат кузатилди. Айниқса, волейбол бўйича эркаклар ва қизлар ўртасидаги беллашувлар жуда қизиқарли бўлди. Мусобақалар давомида ёшлар ўзларининг спортдаги катта маҳоратлари ва шиддатини намойиш этишди.

Эркаклар ўртасидаги финалда Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг жамоаси ғалаба қозониб, «Ректор Кубоги»ни қўлга киритди. Қизлар ўртасида эса, филологлар факультети рақибларини устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди.

Мусобақалар якунида, Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг эркаклар ва қизлар волейбол жамоалари биргаликда «Ректор Кубоги»ни қўлга киритишди.

Шунингдек, ушбу тадбирлар ёшларимизга спортнинг аҳамиятини тушунишга ёрдам бериб қолмасдан, уларнинг келажакдаги профессионал фаолиятларига ижобий таъсир кўрсатишда катта аҳамият касб этади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси