Спорт вазири туман ва шаҳар ҳокимлари билан суҳбатлашди

170

Спорт вазирлигида мамлакатимиздаги туман ва шаҳар ҳокимлари билан онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда ҳудудларда «Беш ташаббус олимпиадаси» ҳамда «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» мусобақаларини ташкил этиш ишлари муҳокама қилинди.

Айтиш лозим, мамлакатимизда вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимлар билан мулоқотни ташкил этиш мақсадида «Ҳоким мурожаати» электрон платформаси ишга туширилган.

Спорт вазири Адҳам Икромов республикамиздаги 23 та туман ва шаҳар ҳокимлари билан мулоқотда ҳудудлардан келиб тушган 27 та масалани таҳлил этди.

Спорт вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мулоқот давомида инвестиция дастурига киритилган спорт объектлари, уларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ва қурилишларни ўз вақтида сифатли якунлаш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан Нукус, Бухоро, Қарши, Наманган, Термиз шаҳарлари ҳамда Шароф Рашидов, Учқўрғон, Қуйи Чирчиқ, Юнусобод, Мирзо Улуғбек туманлари спорт объектларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларини тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳудудларда янги спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳокимларнинг таклифлари тингланди.

Т.Рўзиев, ЎзА